» » Sevara Soliyeva: Ko'nglimdagidek rol uchun sochimni kalga olishlariga ham roziman
Sevara Soliyeva: Ko'nglimdagidek rol uchun sochimni kalga olishlariga ham roziman
  Категория: Фильмы / Статьи   Автор: Admin      
Sevara Soliyeva: Ko'nglimdagidek rol uchun sochimni kalga olishlariga ham roziman
Ўзбек театри ва киносининг ёш ижодкорларидан бири бўлган Севара СОЛИЕВАни кўпчилик жуда қувноқ актриса сифатида билади. Унинг суҳбатдоши эса Севаранинг мутлақо акси бўлган оғир-вазмингина хонанда ДИЛСЎЗ. Буни қарангки, улар бемалол тил топишишди. Суҳбатни ўқиб, сиз ҳам бунга амин бўласиз.

— Севара, сизни кинодаги ролларингиз танитди, тўғрими? Бугун эса Ўзбек давлат драма театрда ижод қилаяпсиз. Сиз қатори ижодкорлар кўпроқ биринчи йўналишни танлашади. Чунки бу йўл билан танилиш осонроқ.

— Тўғри, кино тез оммалашади. Кино ва театр ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Театрда ишлаш қийинроқ, меҳнати ҳам машаққатли. Аммо бу ерда комплекслардан холи бўласиз, қайта тарбияланасиз, деса ҳам бўлади. Қолаверса, театрда жонли ижро бор. Ўзимга қолса, ҳар икки йўналишда ҳам ижод қилишни истайман.

— Сўзларингизга қараганда, театр кўпроқ маъқул бўлаяпти, чоғи?!

— Театрга Саида Раметова, Муҳаммадисо Абдулхаиров каби ижодкорларга ҳавас қилиб, кириб келдим. Бироз қийналаяпман, аммо уддалашимга кўзим етади.

— Бу даргоҳ сохталикни ёқтирмайди, дейишади. Қолаверса, ўзингиз айтдингиз, юки ҳам оғир. Чўчимаяпсизми? Ахир кинодаги каби дубль йўқ-ку, бу ерда?

— Аввалига бироз чўчидим. Лекин атрофимдаги ижодкорларни кўриб-билиб, ҳаяжонимни босишни ўргандим. Иш жараёнида турли ҳолатлар бўлиб туради. Муҳими, вазиятдан чиқиб кетишни билсангиз бўлди.

— Турмуш ўртоғингиз ҳам сиз каби ижодкор. Бу қийинчилик туғдирмайдими?

— Бир-бирингизни тушунсангиз, йўқ. Аксинча, керак пайтда бир-биримизга далда бўлишимиз, маслаҳат беришимиз мумкин. Балки турмуш ўртоғим санъатдан йироқ инсон бўлганида, ишимни тушунмасмиди, дейман. Ишонсангиз, эримни мухлислари билан ҳам илиқ муомала қиламан.

— Наҳотки, Маъмур икковингиз бир-бирингизни мухлис ва мухлисаларингиздан қизғанмасангиз?

— Рост! Қизғанмайман! (кулади) Чунки ҳаммасини яхши биламан-да. Кеча ҳам бир мухлисаси ҳол-аҳвол сўраб қўнғироқ қилди. Индамадим. Ўзимга келадиган бўлсак... Айтишади-ку, санъаткорнинг мухлислари ҳам ўзига ўхшаган бўлади, деб. Бу гапимни нокамтарликка йўйманг-у, лекин чиндан ҳам бировга ёмонлик, ғийбат қилмаганим учунми, мухлисларим ҳам фаҳм-фаросатли.

— Билишимча, турмуш ўртоғингиз жуда рашкчи эди. Ишлашингизга қарши бўлмабди-ку?

— Рашкчилиги рост. Бошида ишлашимга қарши эди. Ҳатто суратга тушишимга рухсат бермаган вазиятлар ҳам бўлди. Аммо вақт ўтиши билан бир-биримизга ишончимиз ортиб, бу синовлардан ҳам ўтиб олдик. Шукр, ҳозир ишимга эътирози йўқ.

— Таклифларни рад қилганингиз роса алам қилгандир?

— Сўраманг, йиғлаганимни айтмайсизми? Ўзимча, жаҳл қилганман-да. Кейинчалик бирга суратга олиш майдончасига бориб, шарт-шароитни кўргач, қаршилик қилмайдиган бўлди.

— Бундан чиқди, ролларингизни ҳам жиддий назорат қилса керак? Масалан, қандай қаҳрамонларни ижро қилишингизга рухсат бермаслиги мумкин?

— Билмасам, менимча, қаҳрамонимнинг хатти-ҳаракати ахлоқ меъёрларига зид бўлса, рухсат бермаса керак.

— Тасаввур қилинг, Маъмур «Севара, бўлди энди, ишингни йиғиштир. Оила, фарзанд тарбияси билан шуғуллан», деяпти. Нима қиласиз?

— Бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Лекин уйда ўтиришим қийин. Ахир тўрт йил институтда таҳсил олдим, меҳнат қилдим. Ҳаммасидан бирданига воз кечиш руҳан таъсир этиши мумкин.

— Саволим жавобсиз қолди, ё жанжал қиласизми?

— Йўғ-а, жанжал қилишни эплолмайман. Балки йиғларман.

— Ҳа-а-а, шундан кейин Маъмурни кўнгли юмшаб, шаштидан қайтади-да. Наҳот, югур-югурлардан холи бўлишни истамайсиз?

— Ижодимни бошлаган кезларим шундай истак бўлган. Чунки роса танқид қилишганди. Алам қилганидан, «Санъатдан кетаман, ижод қилмайман», деганман. Кейин атрофимдагиларнинг йўл-йўриқлари билан соҳамизга хос қийинчиликларни тушуна бошладим. Балки кейинчалик, уйда ўтириб, бироз танаффус қиладиган пайтлар ҳам келар. Лекин ҳозир эмас.

Sevara Soliyeva: Ko'nglimdagidek rol uchun sochimni kalga olishlariga ham roziman


— Қайнонангиз ижро этган ролларингизга қандай муносабатда? Танқид қилмайдими?

— Сира танқид қилмаган. Онажоним санъатга ихлосманд аёл. Иккимизни бирдек тушуниб, йўл-йўриқ кўрсатиб туради.

— Гоҳида ўйлаб қоламан, турмушга чиқсам, қайнонамнинг хизматини қилишга вақт тополармиканман, деб. Сиз буни қандай уддалаяпсиз?

— Рости, баъзида келинлик вазифаларимни бажаролмаётганимдан хижолат бўламан. Қайнонам Навоийда яшайди. Бизникига меҳмон бўлиб келиши репетиция ёки суратга олиш кунига тўғри келиб қолса, имкон қадар вақт топишга ҳаракат қиламан. Баъзида ишдан қайтгунимизча, овқат тайёрлаб қўяди. Мени қўллаб-қувватлаётганидан жуда миннатдорман. Лекин Навоийга борсам, астойдил келинлик вазифаларини адо этаман. У ерда актриса эмас, оддий келинга айланаман. Кўрсангиз, танимай қоласиз.

— Агар томошабинни ғашига тегадиган салбий роль учун катта гонорар таклиф қилишса, рози бўлармидингиз?

— Ҳозир ҳеч нарса деёлмайман. Агар ўша роль ҳақиқатан ҳам характерли бўлса, ижро этишим ҳам мумкин. Албатта, турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашаман. Ахир у кишининг ҳам фикри муҳим. Аммо қаҳрамон шунчаки безак учун бўлса, рад этаман.

— Мухлисларингиз хатти-ҳаракатларингизни нафис эмас, унга кўпроқ «Пойма-пой»даги каби шаддод қизлар роли ярашади, дейишди.

— Ўзимга ҳам ижромдаги маҳзун роллар ёқмайди. Ҳатто оғир-вазмин образни гавдалантириб, кинони томоша қилгач, бекор ўйнабман деган пайтларим ҳам бўлди. Мен табиатан қувноқ инсонман. Нафис ҳаракатларни эплолмайман.

— Таҳририятга қўнғироқ қилган муштарийлардан бири «Севара доим бир хил образда номоён бўлади», дебди.

— Бу гапда жон бор. Сўнгги вақтларда ўзимга ҳам шундай туюлаяпти. Аммо бу биргина менга боғлиқ эмас-да. Кучли образларга таклиф қилишса, жон деб ижро этаман.

— Кучли қаҳрамонни ижро этиш учун сочингизни калга олиб ташлайсиз, деган талаб қўйилса-чи?

— Агар фильм сценарийси шунга арзиса, режиссёрнинг шартига кўнардим.

— Бироқ суратга олинаётган фильм машҳур бўладими ёки йўқми, олдиндан айтиб бўлмайди-ку?

— Сценарийни ўқиб, ижодий гуруҳ тайёргарлигини кўриб, олдиндан тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари, таклиф этилаётган роль сизники бўлса, юрагингиз жиз этади. Телба, руҳий хаста ёки бирор-бир ноодатий қаҳрамонни экранга олиб чиқишни жуда истардим.

— Хаста қиз ролини ҳам ижро қилгансиз-ку! Айрим актрисалар бу борада ирим қилишади.

— Йўқ, мен ирим қилмайман. Кино, театр саҳнасидаги ҳаёт бошқа, асл ҳаётингиз эса умуман ўзга манзара. Уларни бир-бири билан қориштириш нотўғри. Ҳар ким тақдирига ёзилганини кўради. Яқинда ҳомиладор келин ролини ижро этдим. Қаҳрамоним ойна юваётганда нарвондан йиқилиб тушади. Айримлар буни ирим қилиши мумкин, лекин мен ролим ҳаётимда такрорланишига ишонмайман.

— Севара, бир гап эшитиб қолдим. Мухлисингиз бўлган бир йигит сизга атаб қўшиқ куйлаган экан. Ким эди у?

— Жуда жиддий тайёрланибсизми суҳбатга?! Шуни ҳам билдингизми? Қўшиқ куйлагани рост, яхши ижро қилган.

— Маъмурнинг роса жаҳли чиққандир? Нима деди?

— Нимасини айтасиз? Озроқ жаҳл қилди, рашк қилган-да. Лекин ҳурматимни қилиб, куйлабди, раҳмат.

— Ҳамиша шунақа қувноқсиз, кўз тегмасин. Сизни сира тушкун кайфиятда кўрмаганмиз...

— Ноўрин танқид қилишса, хафа бўламан. Лекин баъзида ичимдагини атрофдагиларга сездирмай, кулиб туришни уддалайман.

— Доим кулиб юринг!

— Раҳмат!

У ҳақида:

— Севаранинг қувноқлигига, соддадиллигига ҳавас қилдим. Бугун олдига катта мақсадларни қўйган. Бошлаган ишларида омад ёр бўлсин!

Қисқа фурсат ичида журналист ролига тайёрланган хонанда Дилсўз бу ишни аъло даражада уддалади. Кейинги сафар эса у ҳақидаги ҳеч ким билмаган сирлар ва хонанданинг шахсий ҳаётидаги янгиликлардан бохабар бўламиз.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА ёзиб олди.
Манба: Sugdiyona.Uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   10-08-2014, 03:15Просмотров: 7168Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.