» » Кумуш Раззокова: “Сахнанинг курбони булганман!”
Кумуш Раззокова: “Сахнанинг курбони булганман!”
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
Кумуш Раззокова: “Сахнанинг курбони булганман!”
Дилноза Умарова, мухбир: — Кумуш Раззоқова… ҳамиша бизга ёқимли сиймо, унинг қўшиқлари кўнгилдан яралган, қалб учун ижро этилган ва дилларни яйратади. Эстрадада охирги йиллар камнамо бўлиб қолган хонандадан интервьюга розилик олиш, бу нозиктаъб инсонга савол тузишда минг томонини ўйладик. Нима бўлганда ҳам, у бошқа ижодкорлар қаторида ўзбек эстрадасининг пойдеворини қурган, қўшиқчилигимизга янги ҳаво олиб кирган ижодкор. Рости, интервьюга маҳоратим етмаса-я деб қўрққандим…


— Биз билган қўшиқларингизнинг кўпи табиат ҳодисалари билан боғлиқ. Агар ҳаёт ва ижод йўлингизни фаслларга бўлиб чиқиш мумкин бўлса, уни қандай тақсимлардингиз?

— Вой, билмадим. Ўзи менинг репертуаримда «Бўрон», «Саратон», «Ёмғир ёғди» каби табиат ҳодисаларига боғлиқ қўшиқлар бор. Борликка бор-у, лекин уларнинг ҳаммаси севги ҳақида. Севги эса баҳор, саратон, ёмғир, куз фасллари билан боғлиқ. Масалан, «Қалбимдаги бу туғён мисли бўрон-бўрон» деган сўзлар бор. Ўзим ҳам табиатни яхши кўраман. Ёшлигимизда ҳинд қўшиқлари таъсирида ўсганимиздандир балки, ёдлаш қобилиятим яхши эди, шу фильмлардаги ҳиндча ашулаларнинг ҳаммасини билардим. Лекин ҳечам қўшиқчи бўламан деб ўйламаганман.

— Билишимиз-ча, аниқ фанларга қизиққан экансиз...

—Ўша пайтлар ўзимча қўшиқчилар иккита институтни битирган бўлса керак деб ўйлардим. Чунки менинг мусиқий билимим йўқ эди. Мактабда математика, алгебра, кимё фанларини яхши кўрганим учун кимё факультетига ҳужжат топширгани борганман. Имтиҳон фанлари орасида физика фанини кўриб қўрқиб кетганман, бу фанни яхши ўқимагандим. Шунга ўйланиб қайтиб келаётсам, йўлда бир эълонга кўзим тушган. Унда ёш эстрада хонандалари конкурси бўлиб ўтаяпти деб ёзилган экан. Менга маъқул бўлган томони мусиқий билими бўлиши шарт эмас эди. Кейин Театр институтида ўқиганман. Ботир Зокиров бошчилигидаги комиссия олдида овоз кўригидан ўтиб, «Садо» гуруҳига тушиб қолдим.

— Яқинда Россия каналларидан бирида собиқ гуруҳдошингиз Азиза ҳақида кўрсатув берилди. Тўғриси, ўша даврда кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган «Садо» гуруҳининг тақдири мени жудаям қизиқтириб қўйди...

— Ўша даврларда «Ўзбекконцерт» деган ташкилот бор эди. Азиза ўзи гуруҳга кечроқ келган. Унгача биз ҳар хил вилоятлардан келган тўрт қиз эдик: Мила Романиди Навоий шаҳридан, мен Тошкентдан, иккита рус қизлар бор эди: Наташа Олмалиқдан, Алла ҳам пойтахтдан эди. Кейин биз иккита-иккита бўлиб ажралдик: мен Мила билан 1980 йил «Садо» гуруҳи номи билан чиққанмиз. Ўша пайтлар учталик қизлар гуруҳи ташкил қилиши урф бўлган эди. Трио бўламиз деб биз ҳам энди мактабни битирган Азизани ҳам гуруҳга қўшганмиз. Аммо у келганидан фақат яккахон чиқишга интиларди, гуруҳда ишлаб туриб ҳам яккахон хонанда сифатида танловларда ҳам иштирок этарди. 1981 йил Ялтада ўтадиган танловда биринчи ўринни олдик, шундан кейин бизнинг машҳурлик онларимиз бошланган. Гуруҳ беш-олти йил фаолият юритгандан сўнг ўша «қайта қуриш» жараёнлари бошланиб, ташкилотда ҳам ўзгаришлар бўлиб кетди. Бу пайтга келиб биз ҳам алоҳида-алоҳида солист сифатида шаклланиб бўлгандик. Гуруҳ бўлсак ҳам ҳар биримизнинг алоҳида қўшиқларимиз бор эди. Мен уларга нисбатан ўзбек тилини яхши билганим учун ўзбекча қўшиқларини ўзим ижро этардим.

Ўша даврда гуруҳ ичида ҳам турли оқимлар пайдо бўлди: бири Москвага кетамиз дейди, бири умуман репертуарни ўзгартириб, рус тилида қўшиқ айтиб, Россияга кетиш керак, деб туриб олган. Раҳбаримиз, бастакор, менинг турмуш ўртоғим Владимир Барамиков иккаламиз «йўқ, агар биз ўзимизнинг шарқона услубдан воз кечсак, юзимизни йўқотамиз», деб рози бўлмасдан «Садо»дан чиқиб кетганмиз. Яна бир «Наво» ансамбли бор эди, уларнинг ижрочилари кетиб қолиб бўшашиб қолгани учун шу гуруҳга кириб, Ҳасан-Ҳусан Жўраевларни олиб, ўртада яна трио бўлиб ишлай бошлаганмиз. «Садо» ҳам шундан кейин кўп ишламади, чунки Азиза танловларга кетган, яна нимадир ўрталарида муаммо чиқиб тарқалиб кетишган. Бизнинг гуруҳимиз репертуарида кўпроқ халқ қўшиқлари, лапарлар пайдо бўлди. Чиқишларимизнинг театр томонларига, яъни дастурда қўшиқлардан ташқари саҳналар, ҳангомалар бўлишига кўп эътибор берганмиз. 1993 йил улар ҳам оилавий ташвишлар билан бўлиб, мунтазам гастролларга боравермагач, яккахон хонанда сифатида фаолиятимни бошладим. 1992 йиллар Дилором Омонуллаева менга бир туркум қўшиқларни ижро этишни таклиф қилганди. Уларнинг орасида Усмон Азим шеърлари асосидаги «Ҳеч кимга сени бермайман», «Ёмғир ёғди», «Икки дарахт», «Сиз ёқасиз менга ҳамиша», «Саратон» қўшиқлари бор эди.

— Собиқ гуруҳдошларингиз билан ҳозир ҳам алоқалар борми?

— Азиза билан у ер-бу ерда кўришсак кўришамиз, Ҳасан-Ҳусанлар ҳарбий оркестрда ишлашганини эшитувдим. Фақат Мила билан қўнғироқлашиб тураман.

— «Садо» гуруҳи тарқаб кетганидан сўнг турли нашрлар «Кумуш Раззоқова муваффақиятли равишда ном-нишонсиз ғойиб бўлди», деб ёзган экан. Демак, мухлислардан узоқлашиш ҳам муваффақиятли бўлиши мумкин экан-да? Сиз ҳам Азиза каби ижод йўлини танлашингиз мумкинмиди?

— Йўғ-э, «Садо» тарқагандан кейин мен Кумуш Раззоқова бўлдим-да! 1991 йилдан бери яккахон хонанда сифатида танилганман, бошим гастроллардан чиқмасди, саккиз ойлаб юрардик. 1994 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олганман. Мен кўп ишлаганман. «Садо»дан кейин мени дарров йўқотиб қўйишибдими?!

— Менга қизиқ бўлгани айнан «муваффақиятли равишда» деган ибора...

— Нотўғри. Агар мен ўшанда ғойиб бўлганимда «Ёмғир ёғди», «Саратон» ҳам бўлмасди. Азиза каби Москвага ҳам кетолмасдим. Эстрадамиз энди оёққа тураётган пайтлар, оғир дамлар ҳам бўлган. Кўпчилик кетишни маслаҳат берган, таклифлар ҳам йўқ эмасди. Лекин мен қандай қилиб кетаман, ахир у ерга бориб ўзбек тилида қўшиқ куйламайсиз-ку. Менинг эса жону дилим ўзбек қўшиқлари. Репертуаримда рус қўшиқлари бор, уларни ҳам яхши ижро этганман. Мен ярим русман. Лекин кўнглим шу ўзимизнинг қўшиқларга кетарди. Меҳмон бўлиб, қўшиқ куйлашим мумкин: лекин қандай қилиб ўзбекча ашулалардан воз кечаман? «Садо» билан Европа, Африка мамлакатларида концертлар берганмиз, инглиз тилидаги ашулаларим бор эди, ўша ерда ҳам таклифлар бўлган. Лондонга боринглар, профессионал ижрочисизлар, дейишган. Ўша пайтда бормаганман-у, ҳозир кетармидим.

— Мана, энди шунақа хаёллар ўтмайдими, яхшироқ бўларди деган...

— Нима, Азиза қанақа карьера қилибди (асабийлашиб)! Нима, София Ротару, Алла Пугачёва, Аллегрова бўлиб кетибдими?! У фақат у билан-бу билан шов-шув, жанжал билан оғизга тушган. Менга бунақа машҳурлик керак эмас. Бизнинг дунёқарашимиз сал бошқачароқ. Ўзим Чуқурсойдаги маҳаллада туғилиб-ўсганман, ўша ерда тарбия топганман. Мен унақа машҳурлик билан қариндош-уруғларим, халқимиз олдида қандай қилиб бош кўтариб юрардим.

Онам, Худога шукур, ҳаёт. Ўзбекистонга Сибирдан келган, миллати рус. Отам ўзбек, чуқурсойлик бўлган. 17 ёшда отам билан учрашиб оила қуришган. Мен 9 ойлик, опам 3 яшар бўлганида отам ҳалок бўлган. Онам бир ўзлари ўн йилгача бизни ўстирди, боғчада ишларди. Кейин яна турмушга чиқиб, синглим туғилган. Ўгай отам армани. Шундай қилиб, биз байналмилал оиламиз.

— Бундан кейинги қўшиқларингиз учун мухлислар аудиториясини ёш бўйича ажратасизми? Охирги йилларда қандай тароналар яратиш билан машғулсиз?

— Мен ҳеч қачон аудиторияни бўлмаганман. Менимча, яхши қўшиқни ҳамма бирдек эшитади. Шунинг учун бу қўшиқларнинг ёши йўқ дейишади. «Унутма мени» қўшиғи мана, яралганига йигирма етти йил бўлибди. «Ёмғир ёғди»га йигирма йил. Ҳозирги ёшларнинг эса ўз аудиторияси бор, дейишади. Бу ёш хонандаларнинг хатоси. Умуман, қўшиқ яратиш керак, яхши чиройли қўшиқ. Мана, Озодбек Назарбеков, Севара Назархоннинг қўшиқларини ҳамма яхши кўради, чунки ашулалари чиройли, сўзлари мазмундор.

Ҳозир мен гастроллар, концертлар билан юрмаяпман. Чунки унақа ташкиллаштирадиган ташкилот ҳам, яхши продюсерлик мактаби ҳам йўқ. Бу — менинг фикрим, албатта. Ҳозир ёшларга эътибор берсам, кўпи ўзига берилиб қолган. Ўзида хоҳиш бўлса, ишлайди. Бўлмаса, ҳеч ким уларни ишлатмайди. Пули бўлса, ўзи гастроль, концертларга тиқилиб-сурилиб юришади. Ҳозир аввалгидек гастролларни режалаштириб ташкил қиладиган ташкилотнинг ўзи йўқ. Қани эди, шунақа ташкилот бўлса, ёшлар ҳам, ёши катта хонандалар ҳам ижод қилса. Биз ишлаган пайтларда ҳар ой ўн беш-ўн тўққизта концерт берардик, гастролларга ойлаб чиқиб кетардик. Ойлик маош олардик, режани тўлдирмасак, камроқ пул чиқарди. Шунинг учун ҳозир телевидение учун ишланаётган сериаллар учун титрлик қўшиқларни ижро этаяпман. Ёқса-ёқмаса, менга беришади, мен айтаман. Лекин ёмон чиқмаяпти шекилли, баъзан сўзларини, унисини-бунисини тўғирлаб қўйинглар, деб айтаман. «Қайтар дунё», «Умидингни сўндирма» сериалларида қўшиқ айтдим. Бундан ташқари, Барамиковнинг студияси, бир пайтлар оилавий студиямизга қўшган ҳиссам бор. Энди улар мени чақиришади, йўқ дея олмайман-ку. Аввал бастакорлар таклиф этишарди, сиз шу қўшиқни ижро этинг, деб. Маблағ томонига эътибор берилмасди, фақат қўшиқ тўғрисида ўйлашарди. Ҳозир бастакорлар, ҳамма билади, буюртма қабул қилишади. У қанақа қўшиқ бўлади, аранжировкаси қанақа, ҳеч ким ўйламайди. Баъзан яхши қўшиқларни «ўлдириб қўйишади».

— Унда нега сиз, Насиба Абдуллаева каби профессионал ижодкорлар мактаби очмайсизлар?

— Қаерда очамиз, ниманинг қошида? Консерваторияга таклиф қилишди, менга ёқмади, бундан ташқари, йўналиши, структураси бошқачароқ. Бунга ҳам маблағ керак, ўзимизнинг кармонимиздан мактаб очолмаймиз-ку. Унинг ташкилотчилик томонлари бор, биз бориб фақат дарс беришимиз мумкин. Ёшлар баъзан келиб, мени шогирдликка олинг, дейишади. Қанақа шогирдликка десам, сизнинг қўшиқларингизни айтиб орқангизда тураман, дейди. Менга икккинчи Кумуш керак эмас. Ҳар бир хонанда ўзининг юзи, овози, қўшиғини топиши керак. Мен, масалан, «Садо»га келганимда Барамиков овозимни эшитиб, овозимга ўхшаш хорижий қўшиқчилар тасмаларини берарди. Ўшаларни эшитиб, ўзимнинг овозимни топганман. Овозни чархлаш учун вақт, қўшиқ, концертлар керак. Мен ўзимнинг «Садо»даги овозларимни эшитсам, оёққа турмаган пайтларим эканлигини биламан. Биринчи марта «Унутма мени» қўшиғини ижро этганимда ўз овозимни ҳис қилганман. Бу жуда оғир қўшиқ, «мен буни айта олмайман» деб ўтириб йиғлаганман.

— Сиз билан эҳтиёткорлик билан муомалага киришишади. Ҳар хил савол ҳам бериб бўлмайди. Бу ҳаётий тажриба мевасими ё ҳаммага ҳам юрагингизни очавермайсизми?

— Ўзимни-ўзим жудаям шарқона одамман, деб ўйлайман. Аёл киши бўлиб туриб, ҳамма икир-чикирларни оммага дастурхон қилиш яхшимас, менимча. Ўзи шундоқ ҳам санъаткорларнинг ҳаёти ҳаммага очиқ бўлса. Мен, масалан, беркиниб юргим келади, бир хил пайтлар оддий одамларга ўхшаб юришни истайман. Бозорларга бориб тураман. Ҳатто ўзимизнинг оиламизда ҳам опа-сингиллар бир-биримизнинг ҳаётимизга аралашмаймиз. Энди, тарбиямиз шунақа бўлган.

— Гап-сўзларингиздан кўп китоб ўқиганга ўхшайсиз...

— Ўқиб турамиз…

— Ўзим Достоевскийнинг «Телба» асарини тўлиқ тушунмаган бўлсам ҳам, асардаги бир савол менга унинг моҳиятини доим эслатиб туради. Бу саволни бериш ҳам, унга жавоб бериш ҳам қийин деб ўйлайман. Бугун шу саволни сизга бермоқчиман. Тайёрмисиз? Бутун ҳаётингиз давомида амалга оширган энг аҳмоқона ҳаракатингиз ҳақида гапириб бера оласизми?

— Менимча (кулади), инсоннинг ҳаёти бирин-кетин аҳмоқона амаллар билан боғлиқ. Аммо бутун ҳаётимиз, бу — мактаб. Нотўғри қилган ишларимиз ҳисобидан кўра санаш осонроқ. Ҳаётда биз фақат аҳмоқона ишлар қиламиз деб ўйлайман, тўғри ишларимиз эса саноқли. Шунинг учун ҳам бизга ҳаёт берилган-да. Ортимга қараб, агар ёш бўлиб қолганимда, биринчи ўринга оиламни қўйган бўлардим, дейман. Санъаткорларга қийин, истеъдод, бу — қарз, бурч. Уни µам адо этиш керак, аммо ҳаёт менга қайта берилганида, биринчи яхши турмуш қуриб, кейин ижод қилган бўлардим. Мени устоз деб маслаҳат оладиган ёш хонанда қизларимиз бор, уларга худди шуни маслаҳат берганман. Бошида улар ҳам «саҳна-саҳна» деб гастролма-гастрол юришганда, айтганман: «Эй, менинг ҳаётимга қара, сабоқ ол» деб. Ана ҳозир, турмуш қуриб, болали бўлишганини кўриб, хурсанд бўламан. Бизнинг пайтлар эса бошқа эди, қатъий режа асосида ишлардик. Ижодий ҳаёт ҳам техникавий жиҳатдан енгиллашди ҳозир, бизда ҳаммаси жонли эди. Автобусларга осилиб юрардик, ҳозир бу жиҳатлар ҳам тезлашиб кетган. Энг асосийси, ҳозир ижод бу кўнгил хоҳиши, биз эса гастролларга боришга мажбур эдик. «Борасан, бўлмаса, катта кўча» деб меҳнат дафтарчамизни қўлимизга тутқазишарди. Оила, шахсий ҳаёт билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. Шундай қилиб, мен ҳам саҳна, ижоднинг қурбони бўлдим. Аммо бу менинг тақдирим, менинг йўлим.

— Қўшиқларим таржимаи ҳолим деган экансиз, интервьюларингиздан бирида. Қўшиқларингиз ўз ҳаётингизда аксини топган ҳолатларни гапириб бера оласизми?

— Мен қўшиқ ёзганимда улар ўзим ҳақимда эканлигини ўйлаб ҳам кўрмагандим. Кейин эшитиб кўриб, буни англаганман. Масалан, (чуқур нафас олади, мийиғида кулиб) Кумушбиби қўшиқлари… Ўша ерда «Кундошликнинг балосидир бунчалар» деб айтган сўзларим бор-у, Хиёнат, севги, айрилиқ, «сиз ёқасиз менга ҳамиша» деган ўринлари бор-ку… Балки бу ҳамма аёлнинг тақдирида мавжуддир… Аммо мен шу нарсага ишонаман, кўп ҳужжатли фильмларни кўрганман: нимани ният қилсанг, шунга етишасан.

— Бугунги шоу-бизнес муҳити, замон талаби айнан сизнинг ижодингиз учун мос эмасми ёки сиз унга мос эмасмисиз?


— Айтаяпман-ку, ҳозир ҳам жон деб ишлаган бўлардим. Чунки замон, ашула яратиш жараёни тезлашиб кетган. Ишлайдиган одамлар йўқ, ҳамма нарса компьютерда. Мен учун яхши гитарист, барабан чалувчилар, раққоса, аранжировкачилар керак. Тирик жон керак. Охирги йилларда шунақа концертлар ҳам берувдим, кейин жонимга тегди. Ҳаммаёқ «тугмача» бўлиб кетди. Лекин ансамбль йиғсам, уларни ҳам боқиш керак, эртага улар оиламни боқолмаяпман деса, қанақа бўлади? Ундан кейин мен хонандаман, ўзимнинг вазифаларим бор. Ташкилотчилик қобилияти эса менда йўқ.

— Қачон сиздан яккахон концерт дастурини кутсак бўлади?

— Айтолмайман. Бир яхши продюсерлик мактаби бўлиб, таклиф қилишса, берардим. Россиядагига ўхшаш Пригожин, Матвиенко мактаблари бўлса қани эди! Хонандага ҳам, давлатга ҳам, продюсерларга ҳам фойда бўларди. Асосийси, стимул бўларди. ҳозир фақат «лицензияга пул тўлаб қўй, у ёғини ўзинг биласан». Ҳозир лицензия олсам, ким менга гастроль қилиб беради?

— Агар шароит ўзгармаса, кейинги фаолиятингизни нима билан боғламоқчисиз?

— Фильмлар билан. Мен айтган одамлар пайдо бўлар балки, яхши ният қиламиз. Баъзан айтишади, ўзимизнинг даврдаги қўшиқчилар Козим Қаюмов, Мансур Тошматовлар, ёшлардан Лариса Москалевалар билан учрашиб қолсак, «келинглар, концерт берамиз» деб гапиришади-ю, яна ҳамма ўз йўли билан кетади.

— Ҳаётингиз ҳозиргидан яхшироқ бўлиши учун ўша машҳурлик чўққисида ниманидир ўзгартириш керак эди балки…

— Биринчи галда, оиламга жиддий эътибор берган бўлардим. Мен ҳозирги Кумуш бўлишимга барибир мен босиб ўтган ўша йўллар сабаб. Аммо энди нима десак ҳам бефойда. Чунки тарих шарт майлидаги жумлаларни кўтармайди. Бундан фақат бошқалар учун сабоқ чиқариш мумкин. Ўзингиз боя айтдингиз-ку, «телбаликнинг юқори нуқтаси» деб. Умуман, ҳаёт тўлалигича аҳмоқонадир. Ярми нотўғри ўтган ҳаётимда энг тўғри ишларим деб ўқишга кирганим, фидойи бўлиб ишлаганим ва қўшиқлар яратганимда деб биламан. Ҳозир ижодий танаффус пайтимда қўшиқларим менсиз ҳам яшаётганини кўриш бахт.

КУМУШНИНГ ФАЛСАФАЛАРИ

— Газетамизда Марсель Пруст саволларини мен бошлаганман. Уларни сиздек дунёқараши кенг одамларга бергим келади. Биласиз-а, бу одамни…

— Ҳа, файласуф…

— Унда бошладик.

1.Характерингиздаги энг асосий хусусият?

— Қатъийлик, ўжарлик.

2. Бахт ҳақидаги қандай фикрдасиз?

— Умуминсоний бахт бор, ҳар даврнинг ўз бахти бор. Ёшлигимда саҳнага қадам қўйганимда, дунёни кезиб чиққанимда, куйлаганимда, севган одамим ёнимда эди — мен бахтли эдим. Онам ҳозир касал бўлсалар ҳам бирга эканлигимдан бахтлиман. Ўша ўн-ўн икки йил аввал вақтида операцияларни ўтказмаганимизда балки ёнимизда бўлмасди. Сингилларимнинг болалари, набираларини кўриш, юртимизнинг тинчлиги ҳам бахт. Тошкентимнинг бугунги қиёфасидан, айниқса, хурсанд бўламан, қанақа бўлиб кетди! Ўша чет элга кетворганлар келиб ўзгаришларни кўриб, оғизлари қийшайиб кетаётганини кўрганимдан ҳам бахтлиман (кулади). Ўзим афоризмларни ўқишни яхши кўраман. Айтишадию, кемадан қочган сичқон кема чўкмаганидан фиғони чиққан экан, деб.

3. Нимани яхши кўриб асрайсиз?

— Табиатни, одамларни. Ҳар бир дақиқанинг қадрига етиш керак.

4.Ўзингиз бўлмаганингизда, ким бўлишни истардингиз?

— Тиббиёт соҳасида бўлардим.

5. Реал ҳаётда сиз учун қаҳрамон борми?

— Қарилик гаштини сураётган, ҳаётнинг моҳиятига етган одамлар тимсоли.

6. Шу дақиқада руҳий ҳолатингизни қандай баҳолайсиз?

— Қўшиқ яратиш иштиёқи ичимда жўш ураяпти, илҳом ҳеч тинч қўймайди.

7. Сиздаги энг асосий камчилик?

— Курашувчан эмаслигим, иродасизлигим, баъзи ўринларда сурбет, шарттаки эмаслигим (бу бизга керак).

8. Қайси сўз ёки жумлани нутқингизда кўп қўллайсиз?

— «Қувониш керак»

9. Сиз учун шармандалик ва ерга урилишнинг энг юқори нуқтаси?

— Бировнинг ҳаёти, бахтига кўз олайтириш, тортиб олиш — шармандалик. Аёл учун эса ўзини сотиши.

10.Эришганларингиз орасида энг катта ютуғингиз ...

— Касбимда – қўшиқларим. Ҳаётда эса юзимни ерга қаратмаганларим, пул учун сотилмаганларим. Менга хиёнат қилишганларини, яхшиямки, кейин билдим. Ўша пайтларда билганимда синардим, балки қўшиқларим ҳам бўлмасди.

11. Сиз учун бойлик нимадан иборат?

— Билимдан.


Дилноза Умарова:

— Кумуш Раззоқовани суҳбатгача чўрткесар, қайсар, хатто қўпол деб ҳам ўйлагандим. Чунки аввалги интервьюларидан кескир жавобларни ўқигандим. Ўзи ярим рус бўлса ҳам ўзбекча тавозе, ҳурматни жойига қўйиши, ўзбек тилида чиройли гапириши мени ҳайратда қолдирди. Кўпгина санъаткор аёллар учун бегона бўлиб қолган ўзбекона аёллик ҳаёси бор. Суҳбат ўқувчиларимизга ёқса, бу фақат Кумуш опанинг ҳаётий тажрибалари, ҳаётда эришган-эришмаганлари, тан олган хатоларидан сўйлаганидан… Маъқул бўлмаса, биринчи катта, профессионал интерьюни маромига етказа олмаган бўламан.

"Суғдиёна" газетаси
Источник: Darakchi.Uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   21-08-2011, 02:37Просмотров: 5090Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.