» » Gulasal Abdullayeva: Turmushga chiqish... hali 5-6 yil bor
Gulasal Abdullayeva: Turmushga chiqish... hali 5-6 yil bor
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
Gulasal Abdullayeva: Turmushga chiqish... hali 5-6 yil bor
Суҳбатни бошлашдан аввал Гуласалнинг ҳаракатлари диққатимни тортди. Газетамизнинг янги сонини қўлига олиб, муқовада актриса Шаҳзода Муҳаммедованинг суратига кўзи тушди-ю «Шу гаплар ростми?» деди ҳайрон бўлиб. «Санъаткорлар тўғрисида нега шундай гап-сўз қилишаркан» деганча бош чайқади-да, бир хўрсиниб қўйди. «Шоу-бизнес шафқатсизликларидан хабари йўқ чоғи», дедим ўзимча. ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб чиқди. Аниқроғи, улардан ўзини қандай ҳимоя қилишни билар экан. Ёш ва умидли хонанда Гуласал билан ана шундай салгина хавотирли, салгина ҳаяжонли кайфиятда суҳбатни бошладик.

— Гуласал бу ҳақиқий исмингизми ёки тахаллус?
— Кўпчилик тахаллус деб ўйлайди. Аслида бу ҳақиқий исмим. Исмимни дадам қўйган. Оилада бош фарзанд бўлганим учунми ёки дадамнинг ўзи шуни хоҳлабми, иккита чиройли сўздан бир бутун исм топган.

— Биласиз, бугун сиз каби ёш хонандаларнинг сафи кенг. Гуласал улар орасида нимаси билан ажралиб турибди?
— Куйлаётган қўшиқларим, эгнимдаги либосимгача миллийликни тараннум этишга ҳаракат қиламан. Сиз назарда тутган «ажралиб туриш»да бу ҳам катта аҳамиятга эга. Янаям аниқроқ жавобни мухлислар бергани маъқул.

— Хонандаликка даъво қилиш учун санъатни ҳис этиш керак. Сизда шундай туйғу бўлдими?
— Ҳа! ҳис қилдим. Санъатсиз яшашим қийин. Онам «Тилинг чиққандан қўшиқ куйлагансан», дейди. Отам санъаткор, онам ўқитувчи. Кичиклигимда дадамнинг пианино чалиб, қўшиқ куйлаганини яхши эслайман. Қўшиқ янграётганини эшитишим билан дадамнинг атрофида чопқиллаб юрардим, ўзимча уларга жўр бўлиб. Санъатга бўлган меҳрим болаликдан пайдо бўлган. Асли наманганликман. Қишлоқ қизи учун санъат йўлидан бориш осон эмаслигини билардим. Одамларнинг гап-сўзи дегандек. Ота-онамдан жуда миннатдорман, санъаткор бўлишимга тўсқинлик қилишмади. Оқ фотиҳа бериб, қўллаб-қувватлашди.

— Бошқа соҳани танласам-чи, деган фикр бўлмаганми сира?
— Мактабда таҳсил олаётганимда хонанда бўлиш ҳақидаги орзумни билган устозларим «Гуласал, пойтахтда ижод қилиш қийин. Ўйлаб кўр», дейишарди. Хўп, дердим-у, барибир ич-ичимдан куйлагим келарди.

— Пойтахтга келиб, ижодни бошлаганингизда «Устозларим тўғри гапиришган экан» дегандирсиз?
— Яширмайман, ўзига яраша қийинчиликлар бўлди. Аслида ҳеч бир нарса осонликча амалга ошмайди. ҳозирда устоз санъаткор, продюссерим Саид ака Хўжақулов билан ишлаяпман. У киши отамдек ғамхўр. Икки йилдан бери ҳамкорлик қиламиз. Йўл-йўриқ кўрсатади, билмаганларимни ўргатади.

— Икки йил ёш хонанда учун оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Мана шу давр ичида аёл санъаткорларга осон эмаслигини тушунгандирсиз?
— Болаликда санъат оламини бошқача тасаввур қилардим. Қўшиқ куйлайман, ойнаижаҳонда клипларим намойиш этилади, дердим-у, аслида бу қанчалик қийин эканлигини билмасдим. Сўзлаб беришганди, осон бўлмайди, қиз бола бошинг билан қандай уддалайсан деб. Ҳақиқатан ҳам эшитганларимдан анча қийин экан. Лекин сира афсусланмайман. Қанча машаққати бўлмасин, енгиб ўтаман. Шу йўлни танладимми, энди ортга чекиниш йўқ. Саҳнага чиққанимда қўшиғимни тинглаб, менга жўр бўлаётганларни кўрсам, дилимдаги барча ғуборлар, ҳадиклар тарқаб кетади. Яна бир бор тўғри йўлда эканлигимни ҳис этаман.

— Сизда саҳна ортида ҳаяжон кучлими ёки тингловчилар қаршисидами?
— Кўпроқ саҳна ортида ҳаяжонламан. Саҳнага илк қадамимни қўйишим билан ҳаяжоним аста-секин камайиб боради. Куйлашни бошлаганимдан сўнг умуман ўзимни унутаман, фақат куйлайман!

— Гуласал, кетма-кет қўшиқ ёзаяпсиз, деярли барчасига клип суратга олинаяпти. Ўзига яраша харажати бор буларнинг. Сир бўлмаса ҳомийнгиз ким?
— Кўпчилик шунга қизиқади. Фурсатдан фойдаланиб, айта қолай, ҳомийим — продюссерим. Ижодим билан боғлиқ барча масалаларни у киши ҳал қилади.

— Ҳам миллий, ҳам эстрада йўналишини бирдек эплаяпман деёласизми?
— Мен мухлисларим етти ёшдан етмиш ёшгача бўлишини хоҳлайман. Агар фақат миллий қўшиқларга урғу берсам, ёшлар аудиториясига эътибор камайиши мумкин. Тарозу палласини тенг ушлаш учун икки йўналишда ҳам ижод қилаяпман. Холис баҳони эса мухлислар бергани маъқул.

— Жавобни мухлисларга қолдириш баҳона бўлолмайди. Бу худдики маъсулиятни ўзидан соқит қилишдек бўлиб кўринаяпти.
— Ҳар бир қўшиқни ёзишдан олдин устозлардан сабоқ оламан. Маслаҳатлашаман, шунчаки куйлаб кетавермайман. Тўғри, ўзимга яраша камчиликларим бор. Лекин улар устида ишлаяпман. «Эплаяпман» десам, ўзимга катта баҳо бераётгандек кўринишим мумкин. Аксини айтишга эса уяламан. Чунки санъатда уддалай олмадим дейиш ярамайди.

— 2014 йилда «Тақ-туқ» ашуласи учун «Йил қўшиғи» совриндори бўлдингиз. Қисқа фурсат ичида бу каби эътирофга арзирли иш қилолдим дейсизми?
— Рости, кутмагандим. Лекин ижодимга эътибор қаратиб, тақдирлашганидан жуда хурсанд бўлдим. Менимча, мукофотни бирор қилган ишим учун олмадим. Аксинча, келажакда амалга оширишим керак бўлганлари учун берилди. Насиб қилса, менга билдирилган ишочни оқлайман.

— Эшитишимча, «Тақ-туқ»нинг сўзлари ўзингизга ҳам кулгили туюлган экан.
— Бу қўшиқнинг сўзини Рислиғой Хотамова ёзган. Ҳазиломуз қўшиқ, тинглаганингизда кайфиятингиз кўтарилади. Сўзлари ҳам ноодатий. Илк бор эшитганимизда ўзимизга ҳам қизиқ туюлган ва куйлайман дегандим.

— Аксарият хонандалар қўшиқ мавзусини танлашда замон талабидан келиб чиқиб ёндашишади. Сиз ҳам шулар қаторидамисиз?
— Қўшиқ мавзусини асосан продюссерим танлайди. Сўнг биргаликда муҳокама қиламиз. Тўғриси, ҳали мавзу танлаш борасида тажрибам етарли эмас.Gulasal Abdullayeva: Turmushga chiqish... hali 5-6 yil bor

— Интервьюга тайёрланаётганда «Қолдим» қўшиғига ишланган клипни томоша қилдим. Ёшгина қиз учун дардли тарона оғирлик қилмадими?
— «Қолдим», бу менинг дардим эмас. Санъаткор бошқаларнинг дардини ҳам куйлай олиши керак. Ёшман деб, ўзим истаган қўшиқни айтмаслигим ҳам тўғри эмас. Устозларим қачонки куйлаган қўшиғинг ўзингга ёқса, бошқаларга ҳам манзур келади, дейишарди. Бу қўшиқни куйлаётганда ана шу сўзларни эсладим.

— Сизни кузатиб, оғир-вазмин бўлсангиз керак деб ўйлаяпман.
— Кези келганда, ҳушчақчақлигим ҳам бор. Аммо кўпинча вазминман. Кўпчилик мени шаддод қиз деб ўйларкан. Лекин саҳнадаги Гуласал билан ҳаётдагисининг фарқи бор.

— Дунёга машҳур бўлган хит қўшиқларни қайта ижро этиш хонандага нима беради? Машҳурлик, тезроқ танилиш ёки бошқа манфаат борми?
— Нимадир бериш-бермаслиги ҳақида гапиролмайман. Іавас қилиб куйлаш мумкин, менимча. Қўшиқ мусиқаси, сўзини ўзгартирмай худди аслидек қилиб.

— Сўзини ўзгартириб куйлашга қаршисиз, шундайми?
— Ҳа.

— Александр Рыбакнинг қўшиғини қайта куйлагансиз-ку. Ўзингизга-ўзингиз қарши чиқмаяпсизми?
— Сиз айтаётган қўшиқни «Эътироф-2014» тақдирлаш маросимида тадбир режиссёри Саъдулла Абдуллаев таклифлари билан ижро этганман. Уч хил тилда куйланган қўшиққа мос либос танлаймиз дегандик. Тўғри, танқидлар ҳам бўлди. Айниқса, саҳнада кийим алмаштиришга устоз санъаткорлар эътироз билдиришди. Саҳнага нисбатан ҳурматсизлик деб. Лекин мен либос алмаштирмагандим, устма-уст кийилганди. Янгилик қиламиз дегандик, бу кимгадир ёқди, кимгадир йўқ.

— Танқидни кўтаролмайсиз шекилли?
— Саҳнага учинчи ёки тўртинчи марта чиқишим эди. Ўшанда биринчи марта устозим Озодбек Назарбеков томонидан танқид эшитганман, пошнали туфлида юролмаслигим учун (кулади). Чунки кундалик ҳаётда умуман пошнали пойабзал киймасдим-да. Озод ака, «Уйда ҳам, ухлаганингда ҳам туфлигингни ечма», деганди. Йиғлагандим, рости. Аммо ҳозир раҳмат айтаман. Мана кўриб турганингиздек, бугун чопқиллаб юраман баланд пошнада. Ўринли танқид бўлса, қулоқ тутиш керак экан.

— Баъзи продюссерлар ёш хонандани тўй хизматларига чиқаришмайди.
— Бизда унақа эмас. Устозим «Халқнинг хизматида бўл, ўз устингда ишла», дейди. Тўйларда кўпроқ жонли куйлайман, ўзимдаги қўрқувни енгишда бу жуда катта мактаб.

— Гуласал, сўраганнинг айби йўқ, турмуш қуриш таклифлари ҳам бўлаётгандир?
— Ҳозир бутун диққат-эътиборимни ижодга қаратганман. Турмушга чиқиш... ҳали беш-олти йил бор. Аввал режалаштирган ишларимни бажариб олай.

— Демак, сизга оғиз солишни истаганларнинг ҳали имкониятлари бор.
— Шунақа бўлса керак.

— Суҳбат сўнгида орзуларингизнинг бари рўёбга чиқишини тилаб қоламан. Чин дилдан истардим, бугунгидек самимиятингиз йўқолмасин.
— Раҳмат! Айтганингиз келсин.

Маълумот
1995 йил, 14 февралда туғилган.
Буржи — сунбула
Наманган Санъат коллежини тамомлаб, ҳозирда Ўзбекистон Давлат консерваториясининг иккинчи босқич талабаси.
Биринчи қўшиғи «Юракдаги созим, илҳомим, сенга бу кун, жоним онажон»ни болалигида онасидан ўрганган.
Биринчи устози — Наманган шаҳри 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида таълим берган муаллими Бердиёв Ботиров.
Хафа бўлганида йиғлайди, кўпинча ёлғиз қолади.
Яқинларига, инсонларга кераксиз бўлиб қолишдан қўрқади.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Сарвар ОТАХОНОВ
Манба: Sugdiyona.Uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   28-07-2015, 23:50Просмотров: 3349Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.