» » Dildora Niyozova va Latifjon Yunusov: Sevgi - bu aql va yurak birlashuvi
Dildora Niyozova va Latifjon Yunusov: Sevgi - bu aql va yurak birlashuvi
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
Dildora Niyozova va Latifjon Yunusov: Sevgi - bu aql va yurak birlashuvi
Лойиҳамизнинг галдаги иштирокчиларини, очиғи, бошқача тасаввур қилгандим. Жуда жиддий инсонлар бўлишса керак, дегандим-да. Аммо улар шунақанги қувноқ, хушчақчақ эканларки, суҳбатимиз кўз очиб юмгунча ўтиб кетганини ҳам билмай қолибмиз. Ҳа-я, Дилдора НИЁЗОВА ва Латифжон ЮНУСОВЛАР оиласида хушхабар бор.

— Фарзанд кутаётган экансизлар, муборак бўлсин! Тўрт мучаси соғлом туғилсин! Қийналмаябсизми?
Дилдора: — Раҳмат! Ширин ташвишларни бошдан кечираяпман. Ҳар бир аёлнинг ҳаётида ҳомиладорлик даври энг бахтиёр онлар бўлса керак. Ўғлим доим «Нега мен биттаман? Нима учун укам, синглим йўқ», деб сўрарди. Турмуш ўртоғим ҳам «Санъат ўз йўлига, кексайганимизда ёнимизда фарзандларимиз бўлишади», дейди. Яна бир бор она бўлиш арафасидаман-у, лекин қўрқаяпман. Ўзи табиатан қўрқоқман. Насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади.

— Қўрқоқман дейсизми?! Қизиқ, аксинча, анча жасур аёлга ўхшайсиз.
Дилдора: — Саҳнада кучли бўлоламан, аммо қўрқоқлигим бор. Ёлғизликдан жуда қўрқаман. Ҳеч қачон бугунги куним билан ямашаганман, ёшлигимдан шундай. Нима иш қилсам ҳам, эртага қандай натижа беради, деб ўйлайман. Одамлар мени яхши инсон деб эслашларини истайман.

— Баъзи санъаткор аёллар туғруқ таътилидан чўчишади. Сизда бундай фикр бўлмаяптими?
Дилдора: — Ростини айтаман, менда ҳам шундай ўй бўлган. Шу хаёл билан беш йилни ўтказиб юбордим. «Яна фарзанд кўришинг керак», деб кўп гапиришди. Волидам «Ҳамма нарса ўткинчи, ортингдан зурриёдларинг қолиши керак», деб кўп айтди. Саҳнадаги ўрнимни йўқотишдан қўрққаним ҳам фарзанд кўриш ҳақидаги хаёлларни четга суриб қўярди. Бироқ ўйлаб кўрсам, нотўғри қилган эканман. Яратган томонидан берилган иқтидор, жиндек омад ва албатта, ўзингизда ҳаракат бўлса, бир йил танаффус ҳеч нимани ҳал қилмайди. Бу даврни ҳам ўзига яраша гашти бор. Фарзанд туғилиши аёлни ёшартиради, соғлиги янада яхшиланади.

— Оилангизга ҳамманинг ҳаваси келади. Бахтли турмушингизнинг сири нимада?
Дилдора: — Оилада ўз ўрнимни биламан. Ҳеч қачон «меники тўғри», демайман. Борди-ю шундай қилсам, бахтимни, осойишта турмушимни бой бериб қўйишим мумкин. Турмуш ўртоғим санъатимни тушунадиган, ҳурмат қиладиган инсон. Энг содиқ мухлисим. Мутахассислиги санъатшунослик бўлгани учун ҳам, ижод борасида фикр алмашишишмиз қийин эмас.
Латифжон: — Ҳамжиҳатликда яшаш оила мустаҳкамлигини белгилайди. Эр-хотин ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак. Ҳар ким кўрпани ўз томонига тортса, оила оила бўлмай қолади.
Дилдора: — Ҳатто бирор масалада аразлашиб қолсак ҳам, узоғи беш дақиқадан кейин яна ҳеч нима бўлмагандек ярашиб оламиз. Дунёқарашларимиз ўхшаш бўлгани учун ҳам бахтимиз тўкис!
Латифжон: — Инсон ёмон хаёллардан ўзини асраб яшаса, ҳаёти осуда бўлади.
Дилдора: — Ўзаро шундай келишувимиз бор: «Сиз мендан камчилик изламанг, мен сиздан ахтармай. Боримча қабул қилинг, мен ҳам сизга шундай муносабатда бўламан». Турмуш ўртоғим «Саҳнада Дилдора Ниёзовасан, лекин уйда оддий бекалигингни унутма», дейди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Саҳнада ҳамма нарсани унутаман. Уйга келгач эса саҳна эшик ортида қолади.

Dildora Niyozova va Latifjon Yunusov: Sevgi - bu aql va yurak birlashuvi— Сизни дангалчи аёл дейишади. Мабодо эр-хотин келишолмай қолсангиз, қандай йўл тутасиз?
Дилдора: — Ўзимга-ўзим «Жим бўл!» дейман. Айтишгандан фойда йўқ-да, жуфтингиз истаса, ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетолади. Чунки у эркак! Бирор масалада тортишиб қолсак, ўзига келиб олгач, ҳазил-ҳузул билан тушунтираман. «Йўқ, унақа эмас, бунақа» десангиз, уйда идиш-товоқлар «қанот қоқиб» учиши аниқ. Қолаверса, бу фарзандингизга ҳам салбий таъсир этади. Тўғри, жанжалсиз оила йўқ.

— Аёл киши оилада нималарга кўз юмиши керак, сизнингча?
Дилдора: — Хиёнатдан бошқасини кечириш мумкин, наздимда.
Латифжон: — Тўғри. Хиёнат оилани арралаб ташлайди. Бошқа вазиятларни эса дилдан узр сўраш орқали ҳал этиш мумкин.

— Ҳамма эркак ҳам қилган иши учун кечирим сўрамайди-да.
Латифжон: — Шахсан мен учун бу қийинмас. Дилдоранинг кўнгли оғриганини кўргач, виждоним қийналади, тинчлана олмайман. Кейин узр сўрайман. Инсон қилган хатосини тан олиши ҳам мардлик саналади. Агар айбим бўлса, албатта.
Дилдора: — Ҳа, айби бўлса, кечирим сўрайди. Мен хато қилса, қайда (кулади)?
Латифжон: — Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин. Аёлнинг тили ширин бўлса, эркак кишини йўлга сола олади. Нафақат аёллар, балки биз — эркаклар ҳам ширин сўзнинг гадосимиз.

— Бахтни қандай рангда тасаввур қиласиз?
Дилдора: — Оилам тинч, ёнимда севимли инсоним, азиз фарзандим... Шукроналик ҳисси қалбимда тўлиб-тошганида осмонга қарайман. Кенг, мовий осмонни кўриб, ичимга сиғмай кетаман. Менимча, бахтнинг ранги шундай бўлса керак.

— Ўғлингиз Жавоҳир улғайиб қолибди. Фарзанд тарбиясида ким талабчанроқ?
Дилдора: — Турмуш ўртоғим. Менинг кўнглим бўш. Жаҳлим чиққанида, дакки бераман. Кейин қилган ишимдан пушаймон бўлиб қоламан. Онаман-да, жоним оғрийди. Лекин Жавоҳир дадасидан ҳайиқиб туради. Баъзида «Бундай қилманг, мени ранжитаяпсиз», дейман. «Сен онаси бўлсанг, мен отасиман-ку! Бекорга уришмайман. Ўғлимиз олти ёшга тўлди. Ота-онасига бўйсунишни ўрганиши керак», дейди. Ҳақ гапираётганини билиб, бошқа хонага кириб кетаман. Ота-ўғил тарбиявий соат ўтишади.

— Фарзанд туғилганидан сўнг ота-она у билан бирга улғайишади, дейишади.
Дилдора: — Тўппа-тўғри. Авваллари бунга аҳамият бермасдим. Энди бўлса, ўғлимдаги ўзгаришларни кўриб, улғайиб қолибди, деяпман. Фарзандим улғайяпти, демак, мен ҳам ўзгаришим керак, деган фикр пайдо бўлаяпти.

Латифжон: — Фарзандингизга тарбия бериш жараёнида ўз ота-онангизни кўпроқ ўйларкансиз. Уларга нисбатан муносабатингиз ўзгариб бораверар экан.
Дилдора: — Онам «Ҳали боланг кичкина. Ҳозир танбеҳ берсанг, қулоқ тутади. Эртага улғайганида, гапинг кор қилмайдиган бўлиб қолиши мумкин. Болалигидан тарбиясига маҳкам тур», дейди ҳамиша. «Бирор нима деб гапирсанг, сиз менга вақт ажратганмидингиз? Ўзингиздан ортмагансиз-ку», деб қолмасин», деган гапларни аввалари оддий қабул қилардим. Эътибор бермай, «Мана ўйнаб-кулиб юрибдику» дердим. Мана, энди эр-хотин улғайганимизни ҳис қилаяпмиз.

— «Яна, яна яшагим келар», деб номланган қўшиғингизга ишланган клипда турмуш ўртоғингиз билан бирга суратга тушдингиз. Бу фикр кимдан чиқди?
Дилдора: — Ғоя муаллифи мен. Турмуш ўртоғим фикримни қўллаб-қувватлади. Умр йўлдошиммас, нега бошқа инсон билан бахтиёр оила образини яратишим керак, деб ўйлаб қолдим. Аввалига рози бўлмади. Тушунтирганимдан кейин кўнди.
Латифжон: — Бахтли оила мавзуси бўлгани учун ҳам, рози бўлдим. Қолаверса, қўшиқ менга бағишланганди-да.
Дилдора: — Сўнгги пайтларда муҳаббат ҳақида кўп куйлаяпман. Ёшингиз улғайгани сайин ҳаётни, оилангизни кучлироқ севар экансиз.

— Дилдора опа, нима деб ўйлайсиз, кайфиятимиз йўқлигини жуфтимизга кўрсатишимиз керакмикан?
Дилдора: — Кўрсатмаймиз деганимиз билан, барибир, билинтириб қўямиз. Бошқа кимга ҳам араз қилардик. Кайфиятим бўлмаса, эрим дарров сезади. «Сенга хафа юриш ярашмайди. Қани, кул-чи!» дейди.
Латифжон: — Ва синалган усулни қўллайман. Ҳаммамиз биргалашиб, сайрга чиқамиз.Dildora Niyozova va Latifjon Yunusov: Sevgi - bu aql va yurak birlashuvi

— Оилани ақл ва юрак бошқаради, дейишади. Сизларда ким «ақл», ким «юрак»?
Дилдора: — Мен оиламиз «юраг»и бўлсам керак. Чунки ҳиссиётларга берилувчанман. Турмуш ўртоғим эса оиламиз «ақл»и. Роса ўйлаб иш кўради.

— Мухлисларингизнинг сизга эътирози бор. Дилдора Ниёзова камнома, дейишаяпти.
Дилдора: — Ижоддан тўхтаб қолганим йўқ. Янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. «Дона-дона» номли қўшиғим тайёр бўлди. «Муборак бўлсин тўйингиз» таронасига клип ишладик. Ўғлим билан бирга «Ҳали ҳаёт олдинда» деган қўшиқ ижро этдик. Насиб қилса, мухлисларимиз эътиборига ҳавола этамиз.
Латифжон: — Мусиқий альбом устида ишлаяпмиз. Номи ҳозирча сир.
Дилдора: — Санъаткор бўлганим билан биринчи галда аёл, рафиқа, онаман. Ҳаммасини биргаликда олиб боришга ҳаракат қилаяпман. Бошимиз омон бўлса, ҳаммаси яхши бўлади.

— Ниятларингизга етинг! Насиб қилса, яна яхши кунларда учрашайлик.
Дилдора: — «SUG‘DIYONA»га омад! Аёллар газетаси бўлгани учун ҳам унга меҳрим бўлакча.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Жасур КАРИМОВ
Манба: Sugdiyona.Uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   4-04-2015, 10:00Просмотров: 2771Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.