» » Ravshan Xo'jayev va Guli Asalxo'jayeva: Sevgi - bu va'daga vafo qilish
Ravshan Xo'jayev va Guli Asalxo'jayeva: Sevgi - bu va'daga vafo qilish
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
Ravshan Xo'jayev va Guli Asalxo'jayeva: Sevgi - bu va'daga vafo qilish
Бу санъаткор бошқа ҳамкасбларига қараганда ижодини кечроқ бошлади. «Хонандалик болаликдаги орзум» деган сўзларига жавобан «фарзандли аёлга санъатда йўл бўлсин» деганлар ҳам бўлган. Умр йўлдошининг далдаси ва қўллаб-қувватлаши боис ҳеч қандай қийинчиликлардан чўчимаган қаҳрамонимиз бугун ўз номи ва ўрнига эга. Танишинг, лойиҳамизнинг галдаги иштирокчилари хушовоз хонанда Гули АСАЛХЎЖАЕВА ҳамда унинг умр йўлдоши Равшан ХЎЖАЕВ.

– Оилангиз билан илк бор танишганимда «эр-хотин икки хил олам экан-а» дегандим. Сиз жиддий, Равшан ака эса қувноқ инсон бўлиб кўринган.
Гули: – Қисман тўғри топгансиз. Кўпчилик мени жиддийсиз дейди. Лекин ҳаётда хушчақчақлигим ҳам бор. Вазиятга қараб, ҳар иккисини ўрнида қўллайман. Турмуш ўртоғимга келсак, у ҳақиқатан ҳам қувноқ инсон. ҳамиша кулиб туради.
Равшан: – Керак пайтда қаттиққўллик ҳам қилиб тураман. Шуни ҳам айтинг.
Гули: – ҳа, айниқса уйда. Баъзан ҳазиллашиб, «Уй зиндон, кўча хандон-да, а?!» дейман. Поччангизни кўрганлар қувноқ, мўмин-қобил инсон дейдию, тергашларини эшитса, наҳот шу Равшан ака бўлса, деб юборганини билмай қолади. Бир сафар уй ишлари бўйича ёрдамчи қизни койибди. У ҳам ёшда, шу йиғлайди... Кейин бўлса «Аслида, мен сиздан ҳайиқардим, лекин сиз юмшоқ аёл экансиз. Турмуш ўртоғингиз кулиб турсалар ҳам жиддийликлари бор экан» девди.

– Биринчи марта учрашганингизда қандай эдилар, қувноқми ёки жиддий?
Гули: – Умр йўлдошим акамнинг дўсти бўлган. Бизникига келиб-кетиб юрганларида кўз-кўзга тушиб қоларди. Самимий, ҳазилкаш йигит бўлган.
Равшан: – Гулининг акаси билан дўст эдик. Уларникига борганимда ўғринча синглисига қараб олардим. Қалбимда муҳаббат куртак очгач эса уни кўз остимга олиб қўйдим. Маврида келганида дил изхор қилганман.

– Бир-бирингизни синаганмисиз?
Гули: – Юриш-туриши, муомаласи, ўзини қандай тутишни кўрганим учун синашга ҳожат бўлмаган. Бунинг устига, у мен истаган талабларга мос келарди. Ичмасди, чекмасди ҳамиша уст-боши тартибли, ўзига қараб юрарди. Кичиклигимдан турмушга чиқсам, куёв ҳудди отамдек бўлиши керак дердим. Равшан ака эса айнан идеалимдаги йигит эди.

– Шугина жиҳатлари учун кўнгил қўймагандирсиз?
Гули: – Уйимизга кўп совчи келарди. ҳаммасига «Мен санъаткор бўлмоқчиман» дердим. Кимдир бунга кўнар, кимдир хоҳламасди. Поччангиз эса совчиларини юбормасдан олдин дил изхор қилганида келажакдаги режаларимни амалга оширишга ваъда берган. Шундан кейин ўйлаб кўраман, деганман.
Рашван: – Жавобингизни айтгунингизча ҳам икки ой ўтган. Эслайсизми?
Гули: – Дарров «ҳа» демасдим-ку, ахир?! Опам билан маслаҳатлашгани Туркманистонга борганман. Ўшанда Мавлуда опам «Дастана» ансамблида ишларди. Опа-сингил сирлашиб, уйга қайтгач кейин розилигимни билдирганман. Орадан йиллар ўтиб, илк учрашувдаги ваъдасининг устидан чиқди.
Равшан: – Санъатга бўлган қизиқиши, қолаверса, иқтидорини кўра-била туриб, нега рухсат бермаслигим керак. ҳозирда ҳам қўлдан келганча ёрдам бераяпман. Аёл боши билан ёлғиз бўлмасин деб, ҳамиша ёнидаман. Ижодидаги барча ишларни биргаликда ҳал қиламиз.

Ravshan Xo'jayev va Guli Asalxo'jayeva: Sevgi - bu va'daga vafo qilish– Сўзининг устидан чиқмаслиги ҳам мумкин эди-ку, таваккал қилишдан чўчимаганмисиз?
Гули: – Бу таваккал эмас, қандайдир ишонч билдириш бўлган. Агар қўшиқ айтишимга қарши чиқанида ҳам, оилам бузилмаслиги учун индамай яшардим. Саҳна, ижод орзум бўлиб қолаверарди. Турмушга чиқмасимдан аввал Театр ва рассомчилик институтига ўқишга киргандим. Отам санъаткор бўлишимга қарши бўлгани боис ўқишни ташлаб, ортимга қайтдим. Оилали бўлгач, бу хаёлларни унутар, дейишганди. Тўйим бўлди, бирин-кетин фарзандларим туғилди, кейин умр йўлдошимнинг ташаббуси билан институтга қайта ҳужжат топширдим. Иккита бола билан талаба бўлиб, ўқидим, ижодни бошладим. Бироқ шунда ҳам отам хонанда бўлишимга қарши эдилар. Индамай ижод қилиб юраверишга эса кўнглим бўлмади. Дадам қароримдан қайтмаслигимни кўриб, фотиҳа бергачгина куйлашни бошладим.

– Болаларингиз кичик бўлишган, балки «Шу менга керакми?» деган ўй ҳам бўлгандир?
Гули: – Ижодимни бошлаганимдан кейин учинчи фарзандим ҳам туғилди. ҳеч эсимдан чиқмайди, дадам «Болали бўлиб ҳам тинчимадинг-а» дегандилар. Тўғри, атрофимда «уч бола билан сизга куйлашни ким қўйибди» деган «маслаҳатгўйлар» ҳам бўлди. ҳатто, керагидан ортиғи билан. Бироқ мақсад сари дадил қадам ташлашдан чўчимадим. Қолаверса, ёнимда турмуш ўртоғим ва опам бўлишди. Уларнинг далдаси билан ҳам ўзимни йўқотиб қўймадим.
Равшан:– Аёлини мақтаяпти деманг-у, Гули опангиз жуда масъулиятли. Уйни ҳам, ижодни ҳам бирдек эплайди. Баъзида суратга олиш ишлари тонгга яқин тугайди. Шунда ҳам уйга қайтганимиздан сўнг болаларни мактабга жўнатиб, кейин дам олади. Унгача тиним билмайди. Уй ишларига қарашадиган ёрдамчи қиз билан ҳам теппа-тенг иш қилади. Бир қарасам, эринмай овқат пиширишни ўргатаётган бўлади. Ишонсангиз, оиламизга келган қизлар бир-икки ойдан сўнг турмушга чиқиб кетишади. «Сен турмушга тайёрлаш курсини очсанг бўларкан. Уй тутиш, пазандаликни ўргатиб бўлдим, деганингда эгаси чиқиб, узатасан-а» дейман кулиб.

– Рости сизга ҳайрон қолаяпман. Одатда ёрдамчи олишса, пишир-куйдирдан тортиб уй тутишни эплайдиган бўлсин, деган талаб қўйилади. Сиз эса буни аксини қиларкансиз.
Гули: – Бу гапни бошқалар ҳам айтишади. «Сенга нима зарил?»,«Асабинг қандай дош беради» каби саволлар кўп бўлган. Лекин феълим шунақа-да, нима қилай? Бекор ўтиролмайман, бир нималар қилгим келади. Шу баҳона ёнимда турганларга ҳам билганларимни ўргатиб кетавераман. Бефарқ яшолмайман.

– Ўғилларингиз улғайиб қолишди. Бўйлари сизга етиб қолгандир?
Гули: – Тўнғичимиз Жахонгир мактабни тамомлади, укалари Жавоҳир ва Жавлонбек ҳам улғайишди. Балоғат ёшида бўлишса-да, жиддий муаммолар бўлмади. Балки кичиклигидан рўйи-рост гаплашишга ўрганганимиз учунми, болалар тарбиясида қийналмаганман. Сафарга кетамизми ёки хизматгами ҳар доим рост сўзлардик. Уришиш, жазолаш ёки қаттиққўллик қилмаганмиз. Қайтанга «Сен ҳаммадан зўрсан! Шунга лойиқ бўл!» деб рағбатлантирганмиз.

– Қизиқ, Гули Асалхўжаева қандай қайнона бўларкин?
Равшан: – Жуда зўр қайнона бўлади! Мана мени айтди дерсиз.
Гули: – Қаттиққўл қайнона бўлолмасам керак. Чунки бировни дилини оғритишдан жуда қўрқаман. Яхши гап билан йўлга соламан. Қизим йўқ, келинларим қиздек бўлсин, деб ният қилаяпман. Кимдир «келин қиз бўлмайди» дейди. Ундай эмас, меҳр берсангиз, шунга яраша жавоб оласиз.

– Эркак – бош, аёл – бўйин, дейишади. Бўйин бошни истаган томонга йўналтириши мумкин.
Гули: – Агар аёл ақлли, фаросатли ва доно бўлса, «бош» деворга бориб урилмайди. Акси бўлса, эркакни йўлдан адаштиради. «Хотинимнинг гапига кирмайман» деган эркак ҳам истайдими-йўқми, барибир, бирор сўзини маъқуллайди.
Равшан: – Гапингиз тўғрику-я, аммо эркакни тўғри йўналтириш учун аёл, аввало, ўқимишли бўлиши лозим. Агар ўзида етарлича билим бўлмаса, қандай қилиб «бўйин»лик қилсин?

– Оила хотиржамлиги кўп жиҳатдан эркакка боғлиқми ёки аёлгами?
Гули: – Иккисига ҳам. Муҳими, ўзаро ҳурмат ва ишонч бўлиши керак. Агар эр-хотин бир-бирини тушунмаса, осойишталик бўлмайди. «Мен севаман, сен севасанми?» деб яшалмайди-ку?! Бизни оиламизда ҳам баҳс-мунозара бўлиб туради. Бироқ бу фикр алмашиш, қўл кўтариш, ҳақоратлаш ёки таҳқирлаш маъносида эмас.
Равшан: – Эр-хотин бугун урушса, эртага ярашиб олади. Аммо ота-онасининг «айтишуви» болаларга ёмон таъсир қилиши мумкин. Айниқса ўғил бола, «отам, онамга шундай муомала қиларди, мен ҳам хотинимни урсам урибман-да» дегани қайдаю, «мени отам-онам ҳам бир-бири билан аразлашармикан, ҳеч кўрмаган эканмиз» дея бундай нарсаларни билмагани маъқулми?! Албатта, иккинчиси. Биз ҳам оиламизда ана шундай муҳит яратишга ҳаракат қиламиз.

– Хизматлар ёки суратга олиш ишларида турмуш ўртоғингиз сизни кузатиб тургани ноқулайлик туғдирмайдими?
Гули: – Мендан ҳам кўра партнёрларим поччангиздан хижолат бўлишади. Турмуш ўртоғим мени қандай аёллигимни билади, шунга ҳам ўртамизда шубҳа-гумонга ўрин йўқ. Буни қаранг, бир-биримизга шу даражада ишонар эканмизми, бирор марта ҳаракатларим тўғри бўлаяптими, эрим қараб турибди, нотўғри хаёлга бормасмикан, демабман.
Равшан: – Ишонмаганимда санъаткор бўлишига руҳсат бермасдим. ҳамма нарсадан шубҳаланаверсангиз¸ҳаётингиз изидан чиқади.
Гули: – Хитойга ижодий сафарга боргандик. Бир неча ой биз билан ишлаган созандалар бизни ака-сингил деб ўйлашган экан. Буниси ҳам майли бир тадбирда навбатимизни кутиб ўтирсак, бир киши ёнимизга келиб мени вальсга таклиф қилди. «Рақс тушмайман. Бу мени эрим» десам ишонмайди. Ўшанда созанда йигитлар ҳам ҳайрон бўлганча, «Биз сизларни қариндош деб ўйлабмиз. Эр-хотинга ўхшамас экансизлар» дейишганди. Билмасам, балки эр-хотин деганда бир-бири билан айтишиб, жанжаллашиб турадиганларни тушунишадими? ҳозир ҳам баъзи суҳбатларда турмушга чиққанмисиз, эрингиз борми, деб сўрашади. ҳайрон қоламан, шунча интервьюларим қаерда қолди, оилам, фарзандларим борлигини айтганман-у, дейман.

– Шаҳсий ҳаётингиз ҳақидаги миш-мишларга нима дейсиз?
Гули: – Аҳамият бермасликка ҳаракат қиламан. Лекин биттаси ёмон таъсир қилган. «Кетма» номли қўшиққа ишланган клипда поччам ҳам қатнашган. Шунда оғзи бўшлар «Мавлуда эри билан ажрашибди. Гули ўзини поччасига эрга тегибди» деб гап тарқатишганди. Қаттиқ хафа бўлгандим. Ахир бегона эмас, ўзимни поччам, қандай қилиб кўзига қарайман, деб роса асабийлашгандим. Бу гапларга анча йил бўлди. ҳозир ҳам бир-бир эшитиб қолсам, ҳали ҳам шу гапми, деб қўяман.
Равшан: – Оилангизга дахл қиладиган миш-мишларни ҳазм қилиш оғир, албатта. Аммо ҳар бирини «Нимага? Ким айтди? Асослаб бер?» деб кавлаштирсангиз, гап-сўзнинг кўпайгани қолади, холос. Яхшиси эътибор бермаслик.

– Турмуш қурганингизга неча йил бўлди?
Гули: – Анча бўлди... 20 йил! Энди-я... (эрига қараб)

– ҳайрон бўлиб гапираётганингиздан ҳудди кеча турмуш қурганларга ўхшайсиз.
Гули: – Бир-биримиздан зерикмаганмиз-да. Ўйлаб кўрилса, 20 йил – катта муддат. Лекин энди танишгандаймиз.

– Бахтингизга кўз тегмасин! Орадан яна йигирма йил ўтгандан кейин ҳам бугунгидек бир-бирингизга меҳр-муҳаббатингиз аримасин.Ravshan Xo'jayev va Guli Asalxo'jayeva: Sevgi - bu va'daga vafo qilish


БЛИЦ САВОЛЛАР:


– Сўнгги марта қачон тўй кунини эсладингиз ва бунга нима сабаб бўлди?
– 13 июль тўйимиз бўлган сана. ҳар йили шу кунни ажиб энтикиш билан эслаймиз.

– Равшан акани биринчи совғаси ёдингиздами?
– Узукмиди?

Равшан: – ҳа, қачон бергандим?
– Фотиҳадан кейин туғилган кунимга совға қилгансиз.

Равшан: – Унутмабсиз-а, ҳали ҳам бор-а ўша узук?
– Тақиб тураман-ку.

– Турмуш ўртоғингизни энг кўп такрорлайдиган гапи?
– Битта гапни айтса, тушундим, десам ҳам 2-3 марта такрорлайди.

– Уйга кириб келишингиз билан айтадиган биринчи сўзингиз?
– Ўғилларимга «Яхши ўтирибсизларми?» «Овқатландингларми?» дейман.

– Жахлингиз чиққани сезиладими?
– Сезилади. Гапирмайман.

РАВШАН ХЎЖАЕВ:

– Рафиқангизни қайси гулга ўхшатасиз?
– Лола гулига! Чиройли, майин.

– Қайси одатидан кўпинча панд ейди?
– Соддалиги, ишонувчанлигидан панд беради.

– Хонанда бўлмаганида қайси касбни қойиллатган бўларди?
– Оиласидагилар уни шикофор бўлишини исташган. Хонанда бўлмаганида шифокор бўларди .

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди
Фотомухбир: Аброр АБДУЛЛАЕВ
Манба: Sugdiyona.Uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   20-03-2015, 16:16Просмотров: 10587Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.