» » Ra'no Shodiyeva va Olimjon Uzoqov: Sevgi - bu bir-birining "jon"iga aylanish
Ra'no Shodiyeva va Olimjon Uzoqov: Sevgi - bu bir-birining "jon"iga aylanish
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
Ra'no Shodiyeva va Olimjon Uzoqov: Sevgi - bu bir-birining "jon"iga aylanish
Дўстлари уларни «Лайли ва Мажнун» дейишаркан. Суҳбат давомида бу таъриф бежиз айтилмаганига ишонч ҳосил қилдим. Танишинг, лойиҳамизнинг галдаги қаҳрамонлари — истеъдодли актриса Раъно ШОДИЕВА ҳамда Олим УЗОҚОВ.

— Илк бор кўз-кўзга тушиб, нигоҳлар учрашган дамлар... Танишувингиз қандай бўлган?
Олимжон : — Раъно — бир кўришдаги муҳаббатим! Уни илк бор учратганимда истарасидаги ёқимлилик, назокатига маҳлиё бўлганман. Биласизми, агар тақдирингизга битилган инсонга рўбарў келсангиз, қалбда ўзгача туйғулар ғалаён қиларкан.
Раъно: — Аёллар одатда эркакларга ўзини тутиши, характери, муомаласига қараб, баҳо беришади. Турмуш ўртоғимни кўриб, менга қалқон бўладиган инсон эканлигини англаганман. Ахир ҳар бир аёлнинг истаги ҳам шу-да, суянсанг, суянгудек тоғинг бўлса.

— Раъно Шодиеванинг машҳур актриса эканлиги хавотирга солмаганми?
Олимжон: — Рафиқамни таниқли актриса бўлгани учун севиб қолмаганман. У мен учун қалби гўзал, ҳаётнинг паст-баландига бардошли, матонатли аёл. Туйғуларим чинлигига ишонч ҳосил қилгач, кўнглимда, албатта, уни бахтли қиламан деган ният пайдо бўлган. Аҳамият берсангиз, инсоннинг кимлиги унинг юз-кўзида акс этади. Раънода эса ўзим излаган аёл сиймосини кўролдим.
Раъно: — Турмуш ўртоғим санъатни тушунадиган, ҳурмат қиладиган инсон. Санъаткорлар орасида дўстлари кўп. Касбимнинг ўзига хос машаққатини ҳам яхши билади. Мени оддий аёл сифатида севгани рост. Томошабин учун Раъно Шодиеваман, оилада эса рафиқа, она ва ёримнинг «жон»иман!

— ҳа-я, қўнғироқ қилганимда бир-бирингизга «жон» деб мурожаат қилишингиз қизиқ туюлганди.
Раъно: — Умр йўлдошим билан бир-биримизнинг исмимизни айтмаймиз, «жон» деб сўзлашишга ўрганиб қолганмиз. Баъзида исмларимизни ҳам унутиб қўямиз (кулади). Бир сафар қайнонам «Бошқаларнинг олдида «дадаси», «онаси» десангизлар-чи», деганди. Шунда турмуш ўртоғим «Йўқ, кексайганимда ҳам у мени «жон» деб чақиради», дея жавоб берган.
Олимжон: — Дўстларимиз даврасида ҳам бир-биримиз билан шундай сўзлашамиз. Бундан уялмаймиз ҳам. Зеро кимгадир эриш туюлган мана шу бир оғиз сўз эр-хотин муносабатларини мустаҳкамлайди.

— Санъаткорларнинг умр йўлдоши сабрли бўлиши керак дейишади. Нима дедингиз, Раъно опа?
Раъно: — ҳақиқатан ҳам шундай. Санъаткорларнинг умр йўлдошларига ҳайкал қўйса арзийди. Атрофимизда турли гап-сўзлар юради. Уларга эътибор бермай, жуфтини қўллаб-қувватлаш учун эса ирода ва сабр керак. Умр йўлдошимдан беҳад миннатдорман. Ижодимни давом эттиришимга имконият яратиб бераяпти. Ота-онам, ёрим ва фарзандларимнинг далдаси бўлмаса, бугун сиз билган Раъно Шодиева бўлолмасдим.
Олимжон: — Раънони жуфти ҳалолим сифатида рашк қилишим мумкин, аммо касбини тушунганим боис партнёрларига эътирозим йўқ. Қандай роль ижро этишидан қатъи назар чегарадан чиқмаслигини биламан. Бўш вақтим бўлганида съёмкаларга бирга борамиз. Ижросини кузатаман.
Раъно: — Орамизда ҳеч қандай сир йўқ. Хоҳ яхши гап бўлсин, хоҳ ёмон, барчасини биргаликда ҳал қиламиз. ҳатто таклиф этилган сценарийни ҳам мендан олдин турмуш ўртоғим ўқийди. Кейин мен. Сўнгра фикр алмашамиз, муҳокама қиламиз. Агар роль турмуш ўртоғимга ёқмаса, рад этаман.

— Айтайлик, бирга фильм томоша қилаяпсизлар. Умр йўлдошингиз сиз билан бирга суратга тушган актрисани мақтай бошлади. Қандай муносабат билдирасиз?
Раъно: – Бундай вазиятлар кўп бўлади (кулиб). Кимнидир мақтаса, тўғри қабул қиламан. Рашк қилмайман. Чунки биз санъаткорнинг ижоди ҳақида гаплашамиз, унинг оиласи ёки шахсий ҳаёти тўғрисида эмас.

— Суратга тушган филмларингиз орасида умр йўлдошингизнинг танқидига учраганлари ҳам борми?
Раъно: — Билмадим... Қани, бирга жавобни Олимжон аканинг ўзидан эшитайлик-чи?
Олимжон: — Тўғрисини айтаман, Раъно ижросидаги «Сукунат» ва «Севги тўлқинлари» фильмларига бироз эътирозим бор. Тўғри, у актриса. Бироқ роль унга мос тушмаган. Мен аёлим ўз ишининг устаси бўлишини истайман. Ўртамиёна ижодкор бўлишига қаршиман. Доим «ўз мавқеингга мос роль танла», дейман. Масалан, мусиқий клипларда суратга тушишига қаршиман. Актрисами, шу йўналишни маҳкам ушлаши лозим.

— Раъно Шодиева ҳақида сўз борганида энг аввало қайси таъриф янграшини истардингиз?
Олимжон: — Суюкли ёр, меҳрибон она ва истеъдодли актриса! Таърифини келтирсам, достон бўлади (кулади). Шу пайтгача у ҳақида номаъқул сўз эшитмадим. Бахтимга соғ бўлсин!

— Фарзандларингиз ҳам улғайиб қолишди. Кичигингиз туғилганида оналик бахтини янгитдан ҳис этгандирсиз?
Раъно: — Амирхон билан ака-опасининг орасидаги фарқ анчагина катта. Рости, у дунёга келганида худди илк бор она бўлгандек ҳис қилдим ўзимни. Дунёқарашларим, атрофимдаги воқеа-ҳодисаларга муносабатим ўзгарди. Тан олишим керак, кичигимни катта қилишда турмуш ўртоғим ва қизалоғимнинг ёрдами катта бўлди. Съёмка вақтлари болага қараш, овқатлантириш, хуллас, барча ишларни зиммаларига олишарди.

— Исми чиройли экан, ким танлаган?
Олим: — Онам мени «Амирим» деб чақиради. Ўғил кўрсам, исмини Амирхон қўяман дея дилимга туккандим.
Раъно: — Ўғлимиз кичик бўлса-да, қобилиятли бола. Мен билан бирга иккита фильмда суратга тушди. Саккизта дублни ҳам муаммосиз ижро этганини кўриб, ҳайрон қолдим.

— Диёрбек ва Рахшона укасига эътибор кўпроқ бўлаётганидан ранжишмайдими?
Раъно: — Кенжамиз дунёга келгач, ўғлимнинг ҳам, қизимнинг ҳам улғайгани сезилди. Қолаверса, уларга «Менга ёрдамингиз керак, биргалашиб катта қиламиз», дея тушунтирганман.

— Қизингиз Рахшона яқинда премьераси бўлиб ўтган «Новда» фильмида суратга тушди. У ҳам актрисалик карьерасини давом эттирмоқчими?
Раъно: — Рахшона Тошкент Давлат педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицейда таҳсил олаяпти. Насиб қилса, бувилари истаганидек, педиатр бўлади. Актрисалик карьераси ҳақида суҳбатлашганимизда бу касбга қизиқиш сифатида қарашини маслаҳат берганмиз. Тўғри, бу ҳам жиддий соҳа. Лекин ижоддан ташқари яна бир касби бўлиши керак. «Новда» фильмига Зулфиқор Мусоқов режиссёрлик қилаётгани учун ҳам рози бўлдик. Бироқ премьера куни фильмни томоша қилолмадим. Болангиз кичиклигида экрандаги ижросидан завқланаркансиз. Аммо улғайгач, она бўлибми ёки томошабин сифатидами, қандай баҳо беришни билмай қоларкансиз.

— Раъно опа, бугун сизни актриса эмас, бахтли аёл қиёфасида кашф қилдим. Суҳбат аввалида айтганингиздек, бахтингизга кўз тегмасин!
— Раҳмат!

«ЭНГ бахтиёр куним — ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзаси»
«ЭНГ катта орзум — бугунги бахтим умримнинг сўнгги дақиқасигача боқий бўлсин...»

ДИКТОФОН ЎЧИРИЛГАЧ...
— ҳаётингизга ўзгартириш киритишни истасангиз...
— ҳозир шу қадар бахтиёрманки, ҳеч нимани ўзгаришини ҳохламайман.
— Жаҳлингиз чиқса, ўзингизни назорат қилоласизми?
— Йўқ, билдириб қўяман.
Олим: — Образга киради. «ҳаммаси яхши» дейди-ю, аслида аччиқланаётгани ярим қадам ташлашидан билинади.
— Иш, оила, болалар, магистратура — ҳаммасига қандай улгураяпсиз?
— Режалиман. ҳар бир куним алоҳида режа асосида тузилади.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади
Фотомухбир: ҳумоюн САЛОМОВ
Манба: Sugdiyona.Uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   4-03-2015, 09:55Просмотров: 7002Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.