» » Уктам Ахмедов ва «Сурхон» гурухи. Нахотки гурухга янги солист кушилди?
Меню
Реклама
Голосование
Дизайн стал лучше?

Да
Нет
Не знаю


Уктам Ахмедов ва «Сурхон» гурухи. Нахотки гурухга янги солист кушилди?
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
Уктам Ахмедов ва «Сурхон» гурухи. Нахотки гурухга янги солист кушилди?
“Дийдор ширин” лойиҳасининг бошловчиси Насиба Мақсудованинг навбатдаги меҳмонлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўктам Аҳмедов ҳамда “Сурхон” гуруҳи йигитлари. Баъзи бир сабабларга кўра гуруҳнинг тўртинчи аъзоси суҳбатга келолмади...

Насиба Мақсудова: — Йигитлар, сизлар билан анчадан бери кўришганимиз йўғ-а? Ўктам ака билан кўрсатувда дийдорлашгандик. Икки гал ҳам менга гулдаста ҳадя қилгандингиз...

Ўктам Аҳмедов:
— Қуруқ қўл билан келмай дегандим-да!

Одил Каримов: — Тўғри айтасиз. Мана бугун “Дийдор ширин” баҳона учрашишга муяссар бўлдик.

Насиба Мақсудова: — Ўктам ака, бу гулга бўлган муносабатингизми ё аёл кишига нисбатан ҳурматми?

Ўктам Аҳмедов:
— Сизга бўлган ҳурматим, албатта! Гул парваришлашга ҳам қизиқаман, кишига ҳузур бағишлайди-да! Уйда атиргул, пальма, райҳонлардан боғча ташкил қилганмиз.

Насиба Мақсудова: — Билишимча, барча созларни моҳирона чаласиз. Энг севимли мусиқа асбобингиз эса — танбур. Унга алоҳида меҳр қўйишингизга сабаб нима?

Ўктам Аҳмедов:
— Аслида авваллари тор чалиб, қўшиқ куйлардим. Танбурга келсак, унинг ноласи кишини хаёлан узоқ-узоқларга олиб кетади. Унинг афзал томони — танбур билан бутун бошли оркестнинг вазифасини бажарса бўлади. Танбур чалишни эса устоз санъаткор Фаттоҳхон Мамадалиевнинг тасмаларидан ўрганганман. 1990 йили мусиқа асбобларини сотиб юрадиган андижонлик Илҳомжон исмли йигитни учратиб қолганман. “Танбур ҳам олиб кела оласизми?”, десам, “Танбур қиммат, пулига чидасангиз майли”, деди. Белгиланган вақтда Илҳомжон билан учрашдик, қўлида сумка, танбур йўқ. Хафсалам пир бўлиб, “Илтимосим ўхшамадими?”, десам, “Мана олиб келдим”, деб сумкадан чиқарди. У бўлинадиган сато танбур экан, ноласи ҳам тенгсиз-да!

Тўлқин Файзиев: — Устоз, Одилжон билан танбур чалишни сизга ҳавас қилиб ўрганганмиз. Иккимиз ҳам танбурни буюртма асосида атай уста Анвар Зуфаровга ясаттирганмиз.

Насиба Мақсудова: — Шу танбурингизни сотиш нияти бўлмаганми?

Ўктам Аҳмедов:
— 1994 йили бир бадавлат қўшним Америкага кетадиган бўлди. Кутилмаганда, уйимга келиб, “Ўктамжон, сизга ният қилиб, бир нарса олиб келдим”, деб қизил қутичани очди. Ичида иккита аёллар тақадиган бриллиант кўзли узун занжир. Унинг баҳоси ўша пайтларда уч минг долларга баҳоланарди. Ҳайратланиб, “Раҳмат!” дедим (кулади). Бирдан “Фақат сизга бир илтимосим бор. Бу совғанинг эвазига бўлинадиган танбурингизни берсангиз”, дейди. Қатъий рад этиб, танбурдан ажралсам, юрагим ёмон бўлиб қолишини айтдим. “Унда бу занжирни сотиб олинг”, дейди. Узр, “Менинг бунча пулим йўқ”, деб у киши билан ҳайрлашдим.

Одил Каримов: — Ўктам ака тўғри айтди. “Зар қадрини заргар билади”. Хоҳ созанда, хоҳ хонанда бўлсин, ҳар куни унга шерик бўладиган созини катта пулга учиб, сотиб юбориш, бу — бевафоликдир.

Насиба Мақсудова: — Суҳбатларингиздан бирида “Фарғона томонларга йўлим тушса, устоз санъаткорларимизнинг хонадонларига албатта кириб ўтаман”, дегандингиз. Бу анъана ҳали ҳам сақланиб қолганми?

Ўктам Аҳмедов:
— Ҳа, албатта. Яқинда Расулқори Мамадалиевнинг хонадонига боргандим. У кишининг ўғли Содиқжон мусиқа асбоблари ясайди. Устахонасига кирдик-да, устознинг танбурларини чалиб, овозини қулоғимга қуйиб олдим. Кейин осиғлиқ турган ўнта танбурни бирма-бир чалиб чиқдим. Ниятим холис экан, устознинг танбуридек нола қиладиган танбур топа олдим. Ҳозирги кунда унга садаф тердириш учун устага берганман. Айни дамда танбурларим сони еттитага етди.

Насиба Мақсудова: — Ўктам ака, билишимча шу йили яккахон концерт дастури қўйишни режалаштираётган экансиз. Меҳмон санъаткорлар ҳам бўлса керак-а?

Ўктам Аҳмедов:
— Насиб этса, концерт октябр ойида бўлиб ўтади. Лекин меҳмон санъаткорлар таклиф этилмаган. Кўпчилик, “Жонли ижрода куйласангиз, чарчаб қолмайсизми?” дейди. Куни кеча Қашқадарёга борганимда ҳам наҳорги ошда тонгги 5:00дан тушки 12:00гача қўшиқ куйлашга тўғри келди.

Насиба Мақсудова: — Баъзида санъаткор бўлганингизга афсусланган пайтлариниз ҳам бўладими?

Ўктам Аҳмедов:
— Бўлади, албатта. Охирги пайтлари тонгги учда уйқудан туриб, хизматга кетиш бироз малол келиб қолди. Кечки пайт яна хизмат... Бир куни ошдан машинада қайта туриб, бир деҳқон кетмонини елкасига қўйиб уйига кетаётганига кўзим тушди. Шунда мусиқачи йигитларга “Ношукрчилик эмас-у, лекин шу деҳқон мендан бахтлироқ!”, дедим. Даладан чиқиб, уйига бориб, набиралари қуршовида дам олади-да!

Тўлқин Файзиев: — — Кўпчилик санъаткорларга маза, деб ўйлайди. Лекин “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тош-у тарозу”, деб бежиз айтишмаган.

Одил Каримов: — Доим уйга тунги 2:00да келиб, 6:00да хизматга чиқиб кетамиз.

Насиба Мақсудова: — Фарзандларингиз отасини танийдими, ишқилиб (кулади)?

Илҳом Маматалиев:
— (Кулади). Расмларимиз, клипларимиз ёзилган дискларимизни кўриб туришади. Қўни-қўшнилар рафиқамиздан “Турмуш ўртоғингиз уйга келадими?” деб сўрашар экан.

Насиба Мақсудова: — Хонандаликка етиб келгунча анча саргузаштларни бошдан кечиргансиз, деб эшитганман...

Ўктам Аҳмедов:
— (Кулади). Тўғри эшитибсиз. Оилада ўнта фарзанд бўлганимиз учун онамнинг гапи билан иш қидириб, “Бадиий ҳаваскорлик тўгараги” раҳбари Ниғмонжон аканинг олдига иш сўраб бордим. У киши “Ойлигингни ипак йигириб оласан. Мусиқа тўгарагига қатнасанг ҳам майли”, деди. Тақдир кулиб боқиб, Шаҳрисабзда корхоналар ўртасида бадиий ҳаваскорларнинг кўрик-танлови ўтказилганда, мен ҳам Ортиқ Отажоновнинг “Мардона олтин қўлларинг” қўшиғи билан қатнашдим. Шунда ҳайъат аъзоларидан бири, “Бу йигит нима қилиб ипак йигирувчи бўлиб юрибди, уят эмасми? Маданият уйига ишга олинглар”, дебди. Шу баҳона иш жойим ўзгарди (кулади). Лекин қўшиқчи сифатида эмас, доирачи қилиб ишга олишди. 1980 йилдан то 1985 йилгача хофизларнинг олдида доирачи бўлиб юрдим. Ҳарбий хизматга бориб келганимдан кейингина хонандалик фаолиятимни бошладим.

Насиба Мақсудова: — “Сурхон”чилар, сизлар яқинда Малайзия ва Германиядан мукофотларни қўлга киритиб қайтдинглар-а?

Илҳом Маматалиев:
— Малайзияда ҳар йили Осиё давлатлари иштирокида бўладиган танловда қатнашдик. Саҳнанинг ўзига ҳар бир давлат учун алоҳида йигирмата саҳнача қурилган. Ҳар бир созанда-ю хонандага алоҳида микрофон қўйилган. Танловда йигирма саккизта давлат қатнашади. Улар икки кунга тақсимлаб чиқилган. Бизнинг ижроимиз уларга манзур келгани учун иккинчи куни ҳам саҳнага чиқдик. Бу ҳодиса танлов тарихида биринчи маротаба бўлиши экан.

Одил Каримов: — Ҳар бир давлатга бор санъатини кўрсатиш учун етти дақиқа вақт берган. Биз “Оҳу воҳ” қўшиғи билан қатнашдик. Сценарий бўйича саҳнанинг тепасида сибизға чалиб тураман. Тўлқин бўлса, доира чалганча иштирокчи давлатлар орасидан ўтиб, менинг ёнимга етиб келиши керак. Биринчи куни ўз вақтида етиб келди. Иккинчи куни кела қолмайди-да... Қарасам, сибизға чалишга нафасим етмай қоляпти. Қамишдан ясалган мусиқа асбоби бўлгани учун, уни чалиб турмасангиз сози кетиб қолади. Бунинг устига ҳаво нам, барча созлар уч дақиқадан кейин созини йўқотаверади. Тез-тез созлаб турмаса, шарманда бўлиш ҳеч гапмас-да!

Тўлқин Файзиев: — Аввалига мен устоз санъаткор Элмурод Исломов билан чиқиб, доира чалдим.

Насиба Мақсудова: — Германияда қандай қизиқ воқеага дуч келдинглар?

Тўлқин Файзиев:
— Германияга борсак, ҳар қадамда бизнинг концерт афишаларимиз осилган. Кўчада сотилаётган кўзачаларда ҳам бизнинг расмимиз. Ҳайрон бўлдик. Шунда ташкилотчилар “Сизларни олти ойдан бери кутамиз. Тўртта концерт белгилаб қўйганмиз”, дейишди. Хуллас, ўн кун Германияда сафарда бўлган бўлсак, бешинчи кундан кейин юрт соғинчи қийнай бошлайди. Биринчи куни ҳайрат билан қарайсиз, иккинчи куни кўникасиз, учинчи куни ҳамма нарса оддий кўринади. Тўртинчи куни эса зерикасиз, бешинчи куни файз тополмайсиз. Чет элда одамлар дарё бўлиб оқади, лекин бир-бирига нисбатан меҳр йўқ, ширин дийдорни тополмайсиз. Ҳатто ўз юртингдаги душманни ҳам соғинасан киши.

Одил Каримов: — Швейцарияга борганимизда ҳам қизиқ воқеа бўлганди. Ўн икки кишилик жамоага бир уй беришди. Бир хизматчи аёл бизни бир қолоқ давлатдан келган, деб совуқ муносабатда бўлди. Жаҳлимиз чиқди-да, Ўзбекистон ҳақида гапириб бердик. Масалан, “Нон неча пул?”, десам, “8 евро”, деди. Кейин қўлига Самарқанднинг нонини тутқазиб, еб кўр, дедик. Хатосини тушунганидан сўнг, “Илтимос, мени Ўзбекистонга олиб кетинглар. Бу ерда оддий хизматчи аёлман, холос”, деб ялинса бўладими (кулади)?

Насиба Мақсудова: — Ўзингиз билан олиб келдингларми?

Илҳом Маматалиев:
— Йўғ-а! (кулади).

Насиба Мақсудова: — Гуруҳда тўртта йигитсизлар. Ораларингизда келишмовчиликлар бўлиб турадими?

Тўлқин Файзиев:
— Ҳамма жанжал, ур-тўполон бизда бўлсин-да! (кулади) Бунинг бари ижод маҳсулимизнинг самараси учун...

Илҳом Маматалиев: — Асли иқтисодчи бўлганим учун ҳамма ишнинг кирим-чиқимини ҳисоб-китоб қилиб, жанжаллашаман (кулади).

Насиба Мақсудова: — Ўктамжон, сиз яккахон ижод қиласиз. Негадир сўнгги пайтда аёл хонандаларнинг ошга чиқишлари урфга кириб боряпти...

Ўктам Аҳмедов:
— Бу ўзбекчилигимизга тўғри келмайди. Кимлардир ўзича янгилик қилмоқчи бўлгандир, аммо нотўғри фикрлайди.

Насиба Мақсудова: — Йигитлар, гуруҳингизга аёл хонанда олиш хусусида ўйлаб кўрмаганмисизлар?

Одил Каримов:
— Олдимизга қўйган режаларимизни “пункт”лари билан тўлиқ бажариб улгурмаганимиз боис, сиз айтган масала сал ортга чўзилиб турибди.

Илҳом Маматалиев: — “Сурхон” гуруҳини тузиб, иш бошлаганимизда олдимизга барча йўналишда ижод қиламиз, деган мақсад қўйгандик. Маҳмуд Намозов билан ишлаганимизда ҳам битта йўналишда қотиб қолганмиз. Ҳозирги кунда репертуаримиз кенгайиб, ўн битта тилда куйланган қўшиқлар ўрин олган. Икки-уч йил ичида мақом йўналишидаги маҳсулотимизни ҳам тақдим қилиш ниятидамиз. Бу йилги ютуғимиз, гуруҳимизнинг тўртинчи аъзоси Алиакбар акани қўшиқ куйлашга кўндирганимиздир.

Тўлқин Файзиев: — Ҳатто “Ўзбекистон — Ватаним маним” танловида қатнашиб, шаҳар босқичидан республика босқичига ўтдик.

Ўктам Аҳмедов: — Йигитлар, гапларингни тинглаб туриб, лол қоляпман. Келажаги порлоқ ижодкорлигингизга амин бўляпман.

Илҳом Маматалиев: — Биз битта мухлис учун ҳам ижод қиламиз. Яқинда концертга чақиришди, борсак айвончада бешта, пастда бешта одам ўтирибди. Шунда ҳам худди мингта мухлис ўтиргандек, юқори кайфиятда концертни ўтказдик.

Насиба Мақсудова: — Сизлар ҳам баъзи санъаткорларга ўхшаб ўзингизга нарх белгилаб олганмисизлар?

Илҳом Маматалиев:
— Аввало хизматга айтиб қўнғироқ қилишса, телефонда иш битирмаймиз. Албатта учрашиб, дунёқараши, шароити ҳақида билиб, сўнг вазиятга қараб иш тутамиз. Устозимиз Ўктам ака ҳам сира “Фалон нарх берасан!” деганларини эшитмаганмиз. Энг муҳими, атаган пулини чин дилдан берсин.

Ўктам Аҳмедов: — Албатта. Ҳеч кимнинг дилини оғритиш керак эмас.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА ёзиб олди.
Фотомухбир Равшан ДАДАБОЕВ
Источник: Darakchi.Uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   25-07-2011, 23:56Просмотров: 1952Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.