» » Lola Ahmedova: "Ona bo'lib, dunyoqarashim butkul o'zgardi"
Lola Ahmedova: "Ona bo'lib, dunyoqarashim butkul o'zgardi"
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
Lola Ahmedova: "Ona bo'lib, dunyoqarashim butkul o'zgardi"
Лойиҳамизнинг галдаги меҳмони — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола АҲМЕДОВА. У муштарийларимиз билан аёллик, оналик ва бекалик ҳақидаги фикрларини ўртоқлашади.

— Инсоннинг қизиқишларига қараб, феъл-атворини билиш мумкин, дейишади. Сиз нималарга қизиқасиз?

— Афоризмлар ўқишни, кино томоша қилишни (айниқса, тарихий, уруш йиллари ҳақидагиларини) яхши кўраман. Кўрадиган фильмларим яхшилик билан тугашини истайман. Эътибор берган бўлсангиз, қўшиқларим ҳам худди шу руҳда. Умуман, уйқуга кетишдан олдинми, ҳомиладор пайтимдами, доим яхши нарсалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қиламан.

— Санъатдан ташқари яна бирор машғулот билан шуғулланасизми?

— Таом тайёрлаш — жону дилим. Онам «санъаткор бўлмаганингда сендан зўр пазанда чиқарди», дейди. Телевизорда кўрибми, бирорта ресторанга боргандами, қайсидир салат ёқиб қолса, албатта таркибида нималар борлигини билиб, рецептини суриштираман. Интернет сайтларидаги ошпазлик сирларини ҳам ошхонамда қўллаб тураман.

— Она бўлгач, феълингизда ўзгариш бўлдими?

— Дунёқарашим буткул бошқача бўлиб қолди. Она бўлгач, инсонда қандайдир куч, масъулият пайдо бўларкан, ҳаётга жиддийроқ ёндашадиган бўлиб қоларкансан киши. Меҳринг жўшиб, инсонларнинг қадрини тушунасан. Она бўлиб, мени дунёга қийинчилик билан келтириб, тарбиялаган онамни тушуна бошладим. Хуллас, ҳаётга қарашим жиддийлашди.

— Дарҳақиқат она бўлгандагина ўз онангнинг қадрига етасан, дейишади. Сизнингча, эркаклар қайси даврда буни ҳис эта бошлашади?

— Назаримда, аёлларга нисбатан камроқ даражада ҳис қилишади. Аммо аёли, онасининг қадрига етиб, меҳр бериши мумкин. Онамнинг айтишича, ўғилнинг меҳри ширин, лекин қиз бола нафақат она, балки отасига ҳам меҳрибонроқ бўлар экан.

— Бола тарбиясини бешикдан бошлаш керак экан. Сиз бу борада нималарга кўпроқ эътибор берасиз?

— Бола зийрак, ҳамма нарсани тушуниб туради. Овозингиздаги оҳангданоқ сизга қандай жавоб беришни биларкан. Тарбияда аввало ўзингиз ибрат бўлишингиз керак. У эса сиз қилган ишни қайтара бошлайди. Қуш уясида кўрганини қилади, деб бежиз айтишмайди-да!

— Ота-она фарзандини ўзи тўғри деб ҳисоблаган йўналишга бошқаришга ҳақлими?

— Бола вояга етиб, ўзини англагунича ота-онанинг айтган йўлига юриши керак. Улар ҳеч қачон фарзандига ёмонлик тиламайди. Аммо улғайганида мустақил бўлишига ҳам имкон бериш керак. Йўқса, у эркин фикрлай олмайдиган бўлади.

— Касб танлаш борасида-чи?

— Масалан, менда оилам томонидан қаршиликлар бўлган. Дадам, қариндошларим санъатда ижод қилишимни исташмаган. Биргина онам истагимга қарши чиқмай, қўллаб-қувватлаганди. У киши «санъаткор ёмон аҳлоқли дегани эмас, аввало инсон ўзи учун тўғри бўлиши керак», деб тўғри маслаҳат берган. Онам ҳозир продюсерим, маслаҳатчим, танқидчим. Назаримда, касб танлашда барибир боланинг қизиқишларидан келиб чиқиб, уни қўллаш керак. Шифокор бўлиш истагида юрган боладан ҳеч қачон яхши ўқитувчи чиқмайди. Юқтирмаган-да!

— Нима сабабдан тажрибали продюсер эмас, онангиз билан бирга ишлай бошлагансиз?

— Мен ижодни бошлаган пайтларим бу йўналишда ишловчилар кам эди. Мен ва Феруза Жуманиёзова онаси, Севинч Мўминова отаси билан бирга юрардик. Ҳамма ҳам ўзига яқин одами билан ишлашни истайди, лекин менинг онам бу соҳадан йироқ эмас, телевидениеда ишлаган одам. Шоу-бизнес нима эканидан хабари бор. Унинг қонун-қоидаларини билар экан, нима учун онам билан эмас, етти ёт бегона билан ишлашим керак? Қиз болага онадан яқин инсон йўқ, бу борада менга икки карра омад кулиб боқди.

— Яқинда бир продюсер онахоннинг «шоу-бизнес ичида юрган қиз боланинг номига доғ тушмаслиги учун ёнида юрибман», деган гапини эшитдим.

— Бу ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ота-она учун қизининг обрў-эътибори йўқолмаслиги муҳим. Шу туфайли у фарзандини доим ҳимояси остида олиб юришни истайди.

— Фарзанд она учун олтмиш ёшга кирса ҳам бола. Муҳим қарорларни қабул қилишда онангиз сизнинг фикрингизни инобатга оладими?

— Албатта, менинг фикримга ҳам қулоқ тутилади. Баъзан онамнинг дунёқараши замонавийликдан йироқ эканини тушунтираман. Замон талабига кўра, одамларга у эмас, мана бу нарса кўпроқ маъқул бўлади, деб айтаман. Ёшлик қилиб, шошқалоқлик билан хулоса чиқарган вақтимда эса онамнинг кўпни кўргани, тажрибаси қўл келади. «Ҳамма нарсани босиқлик билан ҳал этиш керак» деб, мени хотиржам қилади. Балки шундай қилмаса, кўп хатоларга йўл қўйишим мумкин эди.

— Қайси ҳолатларда қизишиб кетиб, индамай қараб тура олмайсиз?

— Бир-бирини тушунмай, арзимаган нарса учун қўлидан келса-да ёрдам бермайдиганларга индамай қараб тура олмайман. Яшашдан мақсад нима ўзи? Оила, ватанга хизмат, фарзандни яхши тарбиялаб, вояга етказиш... Лекин ҳаммасининг замирида яхшилик ётади. Қўлдан келса, яхшилик, келмаса, ҳеч бўлмаганда ёмонлик қилмаслик керак. Ноҳақлик, ҳасадгўйликка тинч қараб тура олмайман. Яна болани ота-она урса, бунга ҳам қаршиман. Балки буни енгилроқ ҳолда қилиш ёки бошқа жазо усулини ўйлаб топиш мумкиндир.

— Сизга ота-онангиз томонидан қандайдир чекловлар қўйилганми?

— Очиқ-сочиқ кийинишга ҳеч қачон рухсат беришмаган. Тошкентда кўчиб келган пайтларимизда эндигина қишлоқдан пойтахтга келиб, шим кийишга ўтиб кетган қизларни кўрардик. Ёшмиз, замонавий кийинишни ҳоҳлаймиз. Бундай пайтда «йўқ, уларга ўхшашга ҳаракат қилма. Очиқ-сочиқ кийиминг билан эмас, чиройли аҳлоқинг билан гўзал бўлишга ҳаракат қил», дейишарди. «Шунга амал қилсанггина санъатда ижод қилишинггга рухсат берамиз», дейишган.

— Ашаддий, кумирига зиён етказадиган мухлислар фақат чет элда бўлса керак, деб ўйлардим. Бу қадар эътибор санъаткорнинг оиласига ножўя таъсир кўрсатмайдими?

— Мен ҳам бундай мухлислар бизда бўлмайди, деб ўйлардим. Ростдан ҳам оиламдаги муаммо ва баҳсларга сабаб бўлган мухлис йигит бор. Ҳамма жойга тинмай ёзавериши, рости, турмуш ўртоғимнинг жаҳлини чиқаради. Мен уни мухлис деб ҳисобламайман, соғ инсонлар сирасига ҳам киритмайман. Менга яхшилик тилаган мухлис бу ишни қилмайди. «Лола Аҳмедова турмушга чиқмаган, суратдаги ўзининг фарзанди эмас...» каби гаплари мантиқсиз. Мен ҳаммага бунинг акси эканини исботлаб ўтирмайман-ку! Эътибор қилган бўлсангиз, бу ҳақда умуман интервью бермай қўйганман. Ҳаммани қизиқтирган савол шу: шахсий ҳаётим, оилам ҳақида сўрайверишади. Журналистлар учун бошқа савол йўқми? Ижодни бир четга суриб қўйиб, Абдулҳофиз деган мухлис ҳақида сўрашлари меъдага тегади. Шахсий ҳаётимга тил теккиздирмайман! Тўйим бўлганини, фарзандим ўзимники эканини ҳамма билади.

— Аёл кишидаги сезгирлик қобилияти бор нарсами?

— Бор. Аёл киши кимдир ёлғон гапирса, дарров билади. Умуман, ёлғон гапирган инсон кўзлари ўйнаб туришидан дарров билинади. Ноҳақ эканини исботлашга тушсангиз, баҳсингиз катта жанжалга айланиб кетиши мумкин. Айтайлик, бу вазият оилада туғилса, «ишондим» деб вазиятга кўз юмиб кета қолгани маъқул. Аёлларимиз шунақа, кўп пайтда ўзини ақлли кўрсатиш ноўрин эканини тушунади. Энг яхшиси — сукут сақлаш.

— Мен бу нарсани қайнонамнинг мактабида ўргангандим. Сизга ким ўргатган?

— Менга ҳам қайнонам ўргатган. «Эркак киши билан баҳслашишдан фойда йўқ, фикрини маъқуллаб қўя қолганингиз яхши», деб айтган.

— Қайнонангиз ҳақида гапириб беринг.

— Жуда кўнгли очиқ инсон. Касби ўқитувчи. У киши билан қайнона-келин эмас, дугонадекмиз. Тортинмайман, ҳурматини жойига қўяман. Доим ўзаро маслаҳатлашиб, фикрлашиб турамиз.

— Нима учун концерт дастурингизни «Борлигинг бахтим» деб номладингиз? Бу сўзлар кимга каратилган?

— Буни концертимга келганда билиб оласиз.

Лола АҲМЕДОВА…


…ҳаётига ўзгартириш киритишни хоҳласа, уйидаги мебель ва жиҳозлар ўрнини алмаштиради.
…турмуш ўртоғи билан охирги марта кинотеатрга икки йил аввал тушганини суҳбат жараёнида эслади.
…уғилган: 1983 йилда.
…2004 йили «Ниҳол» мукофотини олди.
…2010 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлди.
Хит қўшиқлари: «Ёлғизгинам», «Ёлғон сўзлаб», «Буни ҳаёт дейдилар», «Девона», «Онажон», «Ўзбегим йигитлари», «Полвоним» ва бошқалар.
Ўғли Исломжон ҳозир икки ярим ёшда.

Байрам


Байрамона кайфият учун: яхши мусиқа кифоя.
Байрамона дастурхонга: гуручли ва уч-тўрт хил салат, икки хил таом, торт тортади. Ҳаммасини ўз қўли билан тайёрлайди.
Байрамона совға: атир ва гулдаста.

Хонанданинг «ЭНГ…»лари


ЭНГ ширин тайёрлайдиган таоми: димлама.
ЭНГ кўп қайтарадиган гапи: «шу-да!»
ЭНГ бахтиёр куни: фарзандли бўлган куни.
ЭНГ катта орзуси: неча ёшда бўлишидан қатъи назар, одамларга фойдаси тегиб туриши.
ЭНГ севимли байрами: Янги йил.

Нигора СОЛИҲОВА суҳбатлашди
Манба: sugdiyona.uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   24-12-2012, 20:57Просмотров: 3285Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.