» » San'atkorlarning kimo'zar to'ylari
San'atkorlarning kimo'zar to'ylari
  Категория: Статьи   Автор: Admin      
San'atkorlarning kimo'zar to'ylari
Диск сотиладиган дўконларда фильмлар ва концертлардан ташқари машҳур санъаткорларнинг тўй-тантаналари туширилган дисклар ҳам сотилаётганига кўзим тушиб, ўйланиб қолдим. Қизиқ, санъаткорлар тўйлари дискини атайлаб сотувга чиқаришяптими ёки бундан уларнинг хабари йўқми?.. Бундан ташқари санъаткорлар ўз тўйларини саҳналаштирилган тарзда ўтказиш истагида билиб-билмай бизга ёт бўлган урф-одатларни ҳам қўллаши ҳеч кимга сир эмас. Тўй дисклари сотувга чиқиб кетгач, уни кўрган ёшлар “у қилган ишни мен қила олмайманми?” деган ўйда кўрганларини амалда қўллай бошлайди... Қарабсизки, тўйларимиз янгидан янги урф-одатлар билан “бойийди” . Келинг, фикримиз қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун санъаткорларнинг тўйлари тасвирга туширилган ва сотувга чиққан дискларни таҳлил қилиб кўрамиз...

МАМАЗОИТОВА БИРИНЧИЛАРДАН БЎЛДИ


Мақолани тайёрлаш учун диск сотиладиган дўконларни айланиб, санъаткорларнинг нафақат висол оқшомлари балки ҳовли тўйлари, фарзандларининг суннат тўйи, юбилей кечалари ҳам дўкон пештахталаридан ўрин олиб улгурганига гувоҳ бўлдик. Тўй дисклари сотуви қачон оммалашганига ҳам қизиқдик. Маълумки, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулсанам Мамазоитова 2007 йилнинг 4 ноябр санасида пойтахтдаги “Турон” ресторанида ўзининг висол оқшомини нишонлаган эди. Ушбу тўй тасвири туширилган диск, кўп ўтмай бутун республика бўйлаб тарқалганди. Гулсанамнинг қизил кўйлак кийганию, тўй Фарғонада ҳам, Тошкентда ҳам бўлиб ўтгани, одамлар орасида шов-шув бўлганди. Тўйда бир мухбир кечага ташриф буюрган меҳмонларнинг дил изҳорию, табрикларини алоҳида видеокамерага ёзиб турганди. Буни қарангки, Мамазоитованинг никоҳ оқшомидан сўнг, бундай табриклаш “маросими” деярли барча тўйларда урфга айланди.

“Ҳамма рақсга тушсин, келин ҳам!


2010 йилда турмуш қурган “Ниҳол” мукофоти совриндори Шароф Муқимов ҳамда Севинч Мўминоваларнинг висол оқшомида ҳам (Фарғонадаги эмас Тошкентдаги тўй) миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга бир оз бегона бўлган одатлар тарғиб қилинган, десак хато бўлмайди. Очиғини айтсак, ўзбек қизининг ўз тўйида бу қадар кўп ўйнаганини ҳали ҳеч ким кўрмаган бўлса керак... Устига-устак видеотасмага келин-куёвнинг ётоқхонаси ҳам туширилган! Ахир, азал-азалдан ота-боболаримиз бежизга чимилдиқни эъзозлаб, “чиллахона — муродхона” деб бегона кўзлардан асрашмаган.

“КЕЛИН ГУЛ ОТСА, КУЁВ БАНАН ОТАДИ!”


San'atkorlarning kimo'zar to'ylari


Раққоса Паризода ҳам ушбу рўйхатимиздан ўрин олган. Ўз вақтида унинг висол оқшоми туширилган дисклар, дўконларда қўлма-қўл бўлиб сотилган. Бугунги кунга келиб, тўйларда келиннинг гул отишига анча ўрганиб қолгандик. Буни қарангки, Паризоданинг тўйида яна бир янгиликка қўл урилди. Энди келин дугоналарига гул отса, куёв дўстларига қарата олма ёки банан отиши керак экан! Қизиқ-а! Яқин кунларда қайнона-қайноталар ҳам меҳмонлар қаршисига чиқиб бирор нарса отиб қолишса ажабмас. Бундан ташқари Паризода айнан тўй куни қўшиқчилик қобилиятини синаб кўрди!

“ҚИСТИР-ҚИСТИР БЎЛМАСА, ХОНАНДА ҚЎШИҚ КУЙЛАМАЙДИ...МИ?”


San'atkorlarning kimo'zar to'ylari


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комиловнинг ўғли Фарруҳнинг тўйи 2010 йилда пойтахтимизнинг “Osiyo grand” ресторанида бўлиб ўтганди. Хонанданинг висол оқшомига ташриф буюрмаган санъаткор қолмади. Пул қистириш санъаткорлар орасида жуда оммалашганига Фарруҳнинг тўйини кузата туриб гувоҳ бўлдик. Қизиқчиларимизни-ку айтмаса ҳам бўлади. Ҳар икки гапнинг бирида пул қистириш кераклигини эслатиб туриш уларга одат бўлиб қолган. Бунинг устига, Фарруҳнинг тўйидан кейин кўпчилик куёвлар орасида унга ўхшаб хорижий қўшиқ куйлаб рафиқаси билан рақсга тушиш одати урфга кирди.

МЕВАЛИ ЭКЗОТИКА


Мавлуда Асалхўжаеванинг яккаю ёлғиз қизи Маржонанинг висол оқшоми пойтахтдаги “Versal” ресторанида бўлиб ўтган эди. Бу тўйда кўзимиз тушган ортиқча ва кундан-кунга одатга айланиб бораётган одатлардан бири — бир неча килограмм мевани дастурхонга сочиб ташлаб, мевали экзотика ясашдир.

МАСАЛАНИНГ ЕЧИМИ


Лекин масланинг бошқа томони ҳам бор. Санъаткорларимизнинг бундай оилавий тантаналари тасвири туширилган дискларни ким тарқатяпти? Бундан кимлар манфаатдор. Санъаткорнинг ўзими ёки шу йўналишда фаолият олиб борадиган хусусий тадбиркор ниқобидаги кўзбўямачиларми?! “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бу ишни назорат қилмаяптими.?

Музаффар Акромов, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Лицензия берувчи ташкилий бошқарма бошлиғи:

— “Миллий урф-одатлар, анъаналар ва халқимиз табиатига ёт бўлган ҳолатларнинг тарғиб этилишини бартараф этиш, шунингдек, санъаткорнинг шахсий ҳаётига дахлдор, унинг ўз мавқеъи ва имкониятларини намойиш этишга бағишланган ҳамда хонандаларнинг шахсий маросими ва тантанали тадбирлари ёзилган дискларни омма ўртасида тарқатилишининг олдини олиш мақсадида Бирлашманинг махсус буйруғига асосан Ишчи гуруҳи тузилиб, 2009 йилнинг сентябрь – декабрь ойларида Тошкент шаҳрининг Навоий кўчаси, Чилонзор савдо маркази, Чорсу, Фарҳод, Паркент, Янгиобод ва Авиасозлар бозорлари, Миробод, Ҳамза ва Шайҳонтоҳур туманларидаги, шунингдек, Нукус, Қарши, Наманган ва Андижоншаҳарлари савдо марказларидаги аудио-видео кассеталар, дисклар билан савдо қилувчи дўконларда текширишлар ўтказилди. Бирлашманинг ҳудудий бўлинмалари томонидан олиб борилаётган доимий текширув ишлари натижасида таниқли санъаткорларнинг тўй, юбилейлари ва маиший мавзулардаги дисклари сотилишининг сезиларли даражада олди олинмоқда, ҳозирда сотувдан олиб қўйилаётган дисклар асосан олдин тасвирга туширилган бўлиб, сотувчилар томонидан ноқонунийтарзда кўпайтирилиб сотилаётгани маълум бўлди. Бу каби ҳолатларни олдини олиш ва доимий текширувлар ўтказиб туриш борасида маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги махсус комиссиялар билан ҳамкорликда доимий ишлар борилмоқда.

Тўй эгалари нима дейди?

Шароф Муқимов, “Ниҳол” мукофоти совриндори:


— Тўйимизнинг тасвирлари “After media” студияси томонидан суратга туширилган. Ўша пайтларда тўй тасвирини сотувга чиқаришни сўраб келганлар жуда кўп бўлган, аммо мен розилик бермаганман. Гастролга кетиб пойтахтга қайтиб келганимда эса, барча диск дўконларида тўйимнинг видео тасвири сотилаётган экан. Студия маъмуриятига мурожаат қилганимда, улар бундан бехабар эканликларини айтишди. Хуллас, тўй қандай қилиб сотувга чиқиб кетгани билолмадим. Лекин назаримда, бизнинг тўйда бошқаларники каби дабдабага йўл қўйилмаган.

Мавлуда Асалхўжаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— (асабийлашиб) Жуда яхши мавзуни ўртага ташлабсизлар. Лекин қизимнинг тўйи сотувга чиққанини сизлардан эшитиб турибман. Агар бу тўйни халққа эълон қилиш ниятим бўлганида, 3 йил аввал шу ишни амалга оширган бўлардим. Бу мен учун ҳеч қандай реклама эмас. Ҳар қандай рекламани ижодим билан кўрсатаман. Қизимнинг тўйи қай тарзда сотувга чиқиб кетганини, албатта аниқлайман. Чунки яқин танишларга ҳам тўйнинг дискини бермаган эдим. Мухлислардан эса, тўйларимизнинг ортидан пул ишлаётган тадбиркорларни топишга ёрдам беришларини сўраган бўлардим.

Равшан Комилов, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист:

— Бу оилавий тантана бўлса, тўйимизни томоша қилиш кимга қизиқ экан, билмадим. Тўйимизнинг тасвири қандай тарқалгани менга ҳам номаълум. Балки таниш-билиш, қариндош-уруғлар бир-биридан кўчириб олиб, шу орқали тарқалгандир...

Анвар Собиров, хонанда:

— Халқимиздан минг бор узр сўрайман. Очиғини айтсам, ҳовли тўйи қандай қилиб тарқаб кетганини билолмай халакман. Ахир бундай ҳолатлар қачонгача давом этади? Буни назорат қиладиган ташкилот бўлса, яхши бўларди.

P/S.: “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан ўтказилган текшириш ишлари натижасида қуйидаги санъаткорларнинг ҳам оилавий тантаналарининг тасвири сотилаётгани аниқланган. Булар: Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовнинг 70 ёшлик юбилей тўйи, “Сарбон” гуруҳи солисти Фарҳод Саидовнинг ҳовли тўйи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Элмурод Исломовнинг юбилейи, Оғабек Собировнинг таваллуд айёми, Самандар Ҳамроқуловнинг тўйи, хонандалар Улуғбек Раҳматуллаев, Жаҳонгир Позилжонов, Асилбек Негматовларнинг висол оқшоми. Энг қизиғи, санъаткорларимизнинг ўзлари бу дисклар бозор расталарида сотилаётганидан мутлақо бехабар. Уларнинг жавобларини эшита туриб, дарҳақиқат бундай ҳолатларга чек қўйишнинг вақти келганга ўхшайди, деган фикрга келдик. Лекин гап келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмасам, бўлмайди. Агар санъаткорларнинг ўзлари тўй-ҳашамларини омма қўлига етиб боришини исташмаганида, бу ҳолат кузатилмасди. Бунга яққол мисол қилиб, Сардор Раҳимхон, Алишер Узоқовларнинг висол оқшомлари туширилган дисклар сотувга чиқмаганини келтириш мумкин.

Газетамизнинг ўтган сонларида “Тўй тўйдек бўлсин, аммо...” номли мақола чоп этилганидан хабарингиз бор. Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 18 апрелда қабул қилинган “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори асосида тайёрланган ушбу мақола юзасидан тахририятимизга кўплаб қўнғироқлар бўлди. Газетхонларимизнинг аксарияти тўй-ҳашамларнинг қисқартирилишига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнун эканликларини билдирсалар, бошқалари нафақат никоҳ тўйлари, балки бешик тўйи, чарлари каби маросимларни ҳам кўздан қочирмаслигимизни тавсия этишди. Хуллас, қўнғироқлар орасида Солиҳа Тожиеванинг фикрлари эътиборимизни ўзига тортди.

— Бугунги кунда қайси мусиқа маҳсулотлари сотиладиган дўконга кирманг, деярли барчасида таниқли хонандаларимизнинг никоҳ тўйлари ёхуд эстрадамиз юлдузларининг таваллуд айёмлари туширилган DVD дисклар қалашиб ётганига гувоҳ бўламиз. Тўйларнинг дабдабаю исрофгарчилик билан ўтиши ҳақида қанча гапирилмасин, санъат вакилларининг ўзлари биринчилардан бўлиб ана шундай дабдабабозликка йўл қўйишмоқда. Буни кўрган ёш йигит-қизларда “мен ҳам тўйимни ана шундай, керак бўлса бундан-да, зўр қилиб ўтказаман” деган фикр уйғонмасмикан?

Манба: darakchi.uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   8-08-2012, 00:05Просмотров: 14291Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.