» » Mavluda Asalxo'jayeva hayotidan 22 fakt
Mavluda Asalxo'jayeva hayotidan 22 fakt
  Категория: Биографии звезд   Автор: Admin      
Mavluda Asalxo'jayeva hayotidan 22 fakt
Журналист Назира ИНОЯТОВА: - Энг қутлуғ байрамнинг 22 йиллик санасини нишонлаш арафасида ўзгача интервью тайёрлашга бел боғладим. Бунинг натижаси ўлароқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда АСАЛХЎЖАЕВА билан бўлган суҳбат 22та фактга бориб тақалди. Қай бир фактларни бор-йўғи шахсий нуқтаи назар, дея қабул қилишингиз мумкин. Аммо, унутманг, инсоннинг сўзлашиши ўзига берган таърифидан-да муҳимроқ.

1. Илк бақириб айтганим - “Алла”. Ҳабиба Оҳунованинг “Алла”сига касал бўлганман. Мактабдан югуриб келиб, уйда бўш қолдим дегунча, шу қўшиқни овозим борича айтардим. Бақириб-бақириб қўшиқ куйлаганларим билан бирга фақат ва фақат санъаткор бўламан, деган ҳаёл билан юрганларимни ҳам яхши эслайман. Ўзимни саҳнада тургандай тасаввур қилиб, озарбайжонлик хонанда Зайнаб Хонларованинг қўшиқларини ҳам ҳиргойи қилиб қўярдим.

2. Илк куйлаганим - мақом. Дастлаб, у қадар тушунмасдим мақомни. Биринчи босқичда ўқиётган кезларим янги гуруҳ очилганди. Шунда дугонам Муножат Тешабоева қўярга қўймай, “Ўртоқ, сен ана шу гуруҳга ёзилгин, афсусланмайсан”, дея тортиб кетган. Қарасам, бир қўшиқни 20 дақиқа айтишаяпти. Ташқарига чиқиб, “Менга қара, бунақа қўшиқ айтишда ухлаб қоламан-у”, дея ҳазиллашгандим. Лекин бора-бора қўшиқларнинг матнини тушиниб, мағзини чақа бошлаганимда мақомга нисбатан меҳрим жўшиб кетди. Аслида, хориждаям куйласам, эмоционал нуқтаи назардан энг кучли таъсир этадигани - мақом.

3. Ҳам ария, ҳам эстрада, ҳам мақом. Илк талабалик йилларим бир вақтнинг ўзида учала йўналиш бўйича “отни қамчилаганман”. Институтдаги устозим Эдуард Қаландаров “Мақомга кучли нафас даркор ва уни ўзгача йўналишда айтиш лозим. Эстрадада эса мақомдайин кучли нафаснинг хожати йўқ, бунисини енгилроқ айтиш керак”, дерди. Мақомдан эстрадага бирдан ўтиб кетиш ҳам осонмас: бирида кучли овоз, иккинчисида ширали нафас даркор. Мен эса классика ва эстрадани бирин-кетин ўрганганман. Шу билан бирга вокалнинг ҳурматини ҳам жойига қўйганман. Вокал деганда арияларни назарда тутаяпман. Учта йўналишни бир вақтнинг ўзида олиб борганим - ютуғим бўлган.

4. Беш юзта ичра - ягона-ю бир дона. Талабалик йилларим асли сермахсул эди. Ёшгина бўла туриб Ялтадаги Умумиттифоқ қўрик танловига йиғилган 500 та иштирокчи ичра ғолиблар сирасига кирганим ўзим учун ҳам кутилмаган хол бўлган. Саҳнадан туриб “Мавлюда Асалходжаева”, деб чақиришса, дастлаб, “Ие, исми меникига ўхшаш эканми?!”, деганман. Кейин мен эканлигимни билиб, ишонқирамаганман. Сўнг хурсандчилигим ичимга сиғмай кетган! Устозим Эдуард Қаландаровга ҳам алоҳида соврин беришган: “Шогирдингиз куйлаган қўшиқ - кичкина бир спектаклга ўхшайди”, дейишган. Ўша дамларда Лев Лешченко, Александр Серов, Ян Френкель билан бир саҳнада туриш имкони бўлган.

5. Дунёга достон бўлган “Дестан”нинг солисти. Ўқишни битирганимдан кейин “Ким қаерга, билмадим, мен эса Ашхободга!”, деганман. Нега айнан Ашхободга ишлашга кетганман? Ялтадлаги танловда Ашхободлик санъаткорларнинг маҳоратини кўриб, уларда кучли мактаб борлигига ишонч хосил қилдим. Шу сабабли, орттирсам орттираман-ки, асло кам бўлмайман, дея Туркманистонга йўл олган эдим. Очиғи, аввалига у ерда жуда қийналганман: тил билмасам, дил билмасам... Мен учун мутлақо ёд бўлган рок йўналишида ижод қиладиган “Дестан” ансамблига тушиб қолиб, ўзимни йўқотиб қўйдим... вақтинчалик.

6. Рок ила мақом - шунақаси ҳам бўлган. Собиқ Иттифоқ бўйлаб ижодий сафарларимизда ўзимизнинг “Чоргоҳ”дан куйласам, нолаларимга “Дестан” созандаларининг жўшқин созлари қўшиларди. Тасаввур қилинг, минг-минглаб томошабин йиғилган майдонда бунақа кутилмаган уйғунликни сукут сақлаб эшитишарди. Ишонасизми, жуда бир бошқача синтез чиққан. Ўзим ҳам кутмагандим. Шу йўсинда кўпдан-кўп концертларни ўтказишга муваффақ бўлдик.

7. Бир ойда 45та концерт. Ҳам кундузи, ҳам кечаси концерт берардик. Тиним билмасдик. Шу қадар талаб кучли бўлган. 90 йилларнинг боши. Концертларимизда умуман бўш жой бўлмасди. Кейинчалик турмушга чиқиб ҳам концертлардан қолмаганман. Ҳаттоки тўққиз ойлик ҳомилам билан гастроль сафарида бўлганим ёдимда. Қизим Маржона туғилгандан кейин ҳам чилласи чиқиши билан гастролга олиб кетганман. Мен ашула айтгунимча, қизимни парда ортида ушлаб туришарди. Кимдир девона, кимдир ақлсиз, дейиши мумкин. Аммо шу қадар санъатга шайдо бўлганман-ки, ҳеч нима мени тўхтатолмасди.

8. Санъаткор эканман, мени тушунадиган жуфт керак. Ашхободдалигимда қўшни аёл бўларди. Катта ёшдаги Сафаргул опага челакда сув ташиб, уй ишларида ёрдам бериб турардим. Кейин билсам, у аёлни ўғли бор экан. Давлет билан гапимиз гапимизга мос тушиб, ўша тўртинчи қаватдаги қўшни ҳаётимдаги ҳамрохимга айланди. Йиллар ўтиб Давлет Қиличев менга нафақат умр йўлдош, балки санъатда қўмакдош ҳам бўлди.

9. Илк ҳомийим - қайнонам. Санъатга бўлган иҳлосимизни кўриб қайнонам бор тиллаларини сотиб, аппаратура олишимизга пул берган. Санъаткорга кучли аппаратура керак бўлишини яхши тушунарди. Очиғи, унақа аппаратура унча-бунчасида йўқ эди ва табиийки, уни Ўзбекистонга олиб келганмиз. Кулгилиси, энг сўнгги русумдаги аппаратурамиз бор-у, лекин турадиган уйимиз йўқ эди.

10. Икки кунда йигирмата қўшиқ. Туркманистондан она юртимга қайтишдан аввал, бўш кетмай, деган мақсадда икки кун ичида тўхтамай йигирматача қўшиқ ёзганмиз. Аслида, у қўшиқларни Ўзбекистонни соғинган дамларим, сал бўш қолдим, дегунча, қоралаб қўйгандим. Хўжайиним мусиқа ва аранжировкасини қилди, мен эса овоз ёздим. Шу қисқа фурсатда ёзилган қўшиқларни битта кассета қилиб Ўзбекистондаги танишларга бериб юборганмиз, совға тариқасида. Қизиғи, у танишимиз “яна бер”, деб сўради. Биттани уч-тўртта қилиб кўпайтирдик..

11. Машҳурлик мени трамвай бекатида қаршилаган. Ўзбекистонга қайтишимми биламан, ҳамма жойда мени қўшиқларим... Жуда ажойиб бўларкан. Турмуш ўртоғим билан трамвай бекатида турибмиз. Ёнимизда қизил чироқга бир машина тўхтади, ундан “Моҳигул” қўшиғим янграётганини эшитиб қолдим. Бир пайт иккинчи машинадан “Йиғлама” қўшиғим эшитилса бўладими? У ҳам майли. Учинчи машинадан “Унутма” қўшиғимни эшитиб, шокка тушганман. Хўжайиним менга қараб, “Мавлуда, ҳозир машинадагиларга “Шу ашулаларни мана шу қиз айтган”, десак, ҳеч бири ишонмайди”, деганди.

12. Бир йилда босиб ўтилган олти йиллик масофа. Ўзбекистондан кетганимга олти йил бўлган. Қайтгач, мен билан бирга ўқиган курсдош ва дўстларимнинг шу олти йил ичида қўлга киритган муваффақиятини кўриб ҳавас қилдим. Лекин мени элга танилишим улардан фарқли ўлароқ тезкор ва шиддатли кечди. 1991 йилда бирдан тарқалиб кетган кассеталарим ўша олти йиллик масофани босиб ўтишдан мени халос қилди. Ўзим кутмаган холда бирдан танилиб кетдим. Ўзбекистонга келганимга ҳали уч ой бўлмаганди-ки, мени қидириб топиб катта концертда иштирок этишга таклиф қилишган. Концерт, ижодий сафар, тўй-тантаналар бири-бирига уланиб кетган.

13. Энг катта сир - одамлар билан мулоқотда бўлиш. Бир маромда ҳаракатланиш осон эмас. Тақдир йўлларимиз гоҳида ундоқ, гоҳида бундоқ... Аммо санъатда бир меъёрда ҳаракатланишнинг сири, менимча, камтаринликда, оддий одамлар билан мулоқот қилишдан чарчамасликда. Ҳалигача “Қиладиган ишларим кўп, ўрганадиганларим бисёр”, дейман. Мен томон янграётган олқишлар кучайган сари “Шукр, лекин буниям бугуни бор, эртанги куни бўлмаслиги мумкин”, деб ўйлайман.

14. Мақташса - сергак тортаман. Мақтовларнинг боши бўлгани каби оҳири ҳам бўлади. Ўзимга-ўзим “Хушёр бўл, бу мақтов ортидан манманлик келмасин яна”, дейман. Лекин ошиғидан ортиқ кўп мақтаб юборишса, сергак тортаман. “Жуда мақтаворди, демак, бир гап бор!”, деб ўйлайман. Аслида, камчиликларим кўп.

15. Бор гапни шарта-шарта гапираман. Бу энг катта камчиликларимдан бири. Биламан, олди-ортига қараб гапириш керак. Лекин, баъзида бировларни ноҳақ ҳаракатларига қараб, чидолмайман. Ичим қайнаб кетади. Шунда бор гапни юзига айтаман. Аммо “қайнашим” учун битта эмас, камида 3-4 та сабаб йиғилиб қолиши керак. Дабдурустдан “ёнмайман”. Ўша одамни камчилигини маълум вақт ўтибгина, ичимга сиғмаса, айтаман. Кейин эса “бекор айтибман”, деб афсусланаман.

16. Кибрли аёл деб ўйлашади мени. То гаплашгунимча, кўпчилик шунақа деб ўйлар экан. Кўринишим шунақа бўлса керак-да. Аслида, унақа эмасман. Ҳамма билан гаплашиб кетавераман. Манманлик менга бегона. Оддийликни яхши кўраман, аҳамият берган бўлсангиз, хатто сўзлашишда ҳам оддийликни яхши кўраман. Юзи очиқ, кўнгли очиқ, қўли очиқ инсонларни жуда ёқтираман.

17. Санъатда ғаразгўй кўп дейишади... аслида, нияти бузуқ инсонни ҳар соҳада учратиш мумкин. Менга келсак, ғараз қилиш нималигини билмайман. Биздан олдин ҳам яхши санъаткор бўлган, биздан кейин ҳам яхшиси чиқади. Ўзим ҳеч кимнинг санъатини ёмонламаслик тарафдориман, хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ кекса. Ҳаммага бирдай бўлишга интиламан. Лекин ўзимни ортимдан гапирганнинг гувоҳи бўлганман. Шунда “ҳа, тўғри, камчиликларим кўп, балки яхши санъаткор ҳам эмасдирман”, дея ўзимни ишимни қилавердим. Негаки, ким биландир уришиб, талашишдан наф йўқ. Мен ҳеч бир санъаткорни “баҳолашга” интилмаганман. Баҳони халқ беради.

18. Қўполликдан қора кўзойнакгача бир қадам. “Шунақа замонга келиб қолдикми”, дея яқиндагина қаттиқ хафа бўлдим. Куни кеча халқ хизматига боргандим. Кўзим оғриб қолганидан қора кўзойнак тақиб, тўйхонага кириб бордим. Ўтиришимни биламан, ҳизматга келган ёшгина раққосалардан бири “Ҳе, кўзойнагингга сени...”, дея сўка бошлади. Аввалига, тушунмадим. Кейин билсам, мени сўкаётган экан. Ўзи муштдаккина, аммо гапиши эшитсангиз, ёқа ушлаб қоласиз. Ҳайрон қолдим. Аччиғим келдим. Наҳотки, ҳурматни жойига қўйиш шу қадар оғир бўлиб қолган бўлса?

19. Ҳозирги санъаткорлар дўпписи осмонга отса, арзийди. Бугунги ёшлар учун зўр замон келди, улар учун кўпдан-кўп имкониятлар пайдо бўлди. Техника томонлама давр илғорланиб келди. Авваллари биз қанақа шароитларда ижод қилганмиз?! Қай бир мўъжиза билан ҳозирги ёш санъаткорлар бизни даврга тушиб қолганда, балки биттасиям ашула айтолмаган бўлармиди. Фонограммада айтиш у ёқда турсин, агар сал ноътўғри нола қилсанг, бирон нима билан отиб қоларди томошабин. Яхши айтолмасанг, тўйдан ҳайдалардинг. Шу қадар талаб кучли бўлган. Ҳозир эса техника туфайли овозинг мисоли булбули гўё, клипларингда эса осмонгаям учиб кетасан, пароходдаям сузиб кетасан.

20. Санъаткор бўлиш учун кўп нарсадан воз кечиш керак. Шу сабабли қизимнинг санъат йўлини танламагани менга тушунарли. Тўғри, мени санъатдаги йўлим омадли келди. Бунга сабаб - турмуш ўртоғимнинг санъаткорлиги. Санъатдаги машаққатларни фақатгина санъаткор тушиниши мумкин. Қизимиз Маржона эса Шарқшунослик институтининг журналистика факультетини тамомлаган. Ҳозир болалари билан овора. Бундан-да ортиқ бахт борми... болангнинг боласини камолини кўриш?

21. Энг кучли релакс - набиралар қучоғи. Тўртта набирам бор: бири-биридан яхши. Бир кун кўрмай қолсам, қаттиқ соғиниб қоламан. Набира бошқача бўларкан. Иккита ўғил, иккита қиз бир ерда йиғилса, уйимиз яхши маънода “жиннихонага” айланади. Лекин мен учун бу энг ажойиб, энг ёқимли, энг мароқли ҳордиқ. Улар билан кучга тўламан, завқланаман.

22. Кадрдаги қайноналик. Аслида-ку, Театр ва рассомчилик институтини тамомлаганман. Актёрлик мен учун бегона эмас, шу сабабли ўзимда янги бир қиррани кашф қилишга киришдим. Яқинда “Қайнона-келин” деб номланган комедия жанридаги сериал телеэкранларга чиқади, ана шу бир йиллик лойиҳада бош ролни - қайнонани ўйнаяпман. Билмадим, қанчалар бу роль менга ярашган, аммо ўзим жуда катта қизиқиш билан ўйнаяпман. Ажабмас, ҳазил-ҳузурга тўла бу комедия томошабин учун севимли бўлиб қолса?!

- Сал кам бир соатлик интервью кўз очиб юмгунча ниҳояланди. Шу вақт оралиғида Мавлуда опа камида 5-6та қўшиқни ҳиргойи қилиб берди. Афсус, сиз бу нолаларни эшитмадингиз. Негаки, улар ўта самимий эди. Дарвоқе, Мавлуда Асалхўжаева ўзгача куйлашни ҳам, сўзлашни ҳам, яшашни ҳам билмайди чоғи...

Назира ИНОЯТОВА
Манба: sugdiyona.uz
Поделитесь новостью с друзьями или добавьте в закладки

Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.
  • 0
   8-09-2013, 22:03Просмотров: 5118Комментариев: 0
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.